“Газета.уз”га ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларининг маълум қилишича, расман ҳеч қаерда ишламаган (2014 йилдан буён вақти-вақти билан Россия ва Қозоғистонга ишлаш учун бориб турган) О.Р. 23 сентябрь куни 188-сонли мактабнинг директор ўринбосари лавозими учун суҳбатга келган. Мактаб директори унга ҳали ҳужжатлар расмийлаштирилмай туриб синов муддатида рус тилида ўқитиладиган 6-синф ўқувчиларига рус тили ва адабиёти фанидан дарс беришни тайинлаган.
23 сентябрь, ишининг биринчи кунида у 6-синфдаги ўқувчи билан жанжаллашиб қолган. Аёл икки тилда: рус ва ўзбек тилларида дарс берган. Ўқувчилардан бири (миллати бўйича татар) ундан рус тилида дарс беришни сўраган. Бола билан жанжаллашиб қолган аёл унинг қулоғидан тортиб, доска томон итариб юборган, юзига тарсаки туширган ва бошини доскага урган.
Суд жараёнида ўқувчининг онаси ўша куни ўғли уйига тушкун ҳолатда қайтганини ва бўлган воқеа ҳақида гапириб, мактабга боришни истамаслигини айтди. Эртаси куни аёл воқеа тафсилотларини билиш учун Равшановага қўнғироқ қилган, бироқ бунга жавобан ҳақоратланган. Кейинчалик боланинг отаси унга қўнғироқ қилди, лекин этник сабабларга кўра ҳақоратларни ҳам эшитди.
Ўқувчининг ота-онаси Чилонзор тумани ИИБга мурожаат қилган.
Шу куни О.Р. қизи ўқиётган бошқа мактабга бориб, жанжаллашиб, мактаб директори ўринбосари бўлган аёл Ғ.М.га нисбатан жисмоний куч ишлатган. Аёлдан жамоат тартибига риоя қилиш сўралганида, мактаб ҳудудида Миллий гвардия ва ИИО ходимларига нисбатан ғайриижтимоий муносабатда бўлиб, уларнинг қонуний талабларини бажармасдан кескин қаршилик кўрсатган.
25 сентябрь куни иш судда кўриб чиқилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси, БҲМнинг 3 баравари (1 020 000 сўм) ва БҲМнинг 7 баравари (2 380 000 сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланганди.
О.Р. ҳибсни ўтаётган махсус тергов ҳибсхонасидан қатнашган судда ўз айбига қисман иқрор бўлди. Суд иш материалларини, шу жумладан, видео ва аудио далилларни ўрганиб чиқиб, ишнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги 41-моддаси (ҳақорат қилиш), 52-модданинг 2-қисми (қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш) ва 59−2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан тўғри квалификация қилинганини қайд этган.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) инобатга олинган ҳолда, О.Р.га давлат фойдасига БҲМнинг 20 баравари (6,8 миллион сўм) миқдорида жарима тайинланди.
Аёл ўқувчини ургани акс этган видео тарқалган куни туман ҳокимлигида ота-оналар ва мактаб маъмурияти иштирокида йиғилиш ўтказилган. 188-мактаб директори ҳеч қандай ҳужжат тўлдирмасдан дарсга бегона одамни киритгани учун лавозимидан озод этилган.