26 сентябрь куни Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши доирасида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Телеграм-каналида хабар қилди.
Вазир стратегик шерикликнинг долзарб мавзулари, шунингдек, бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш юзасидан атрофлича суҳбат ўтказилганини таъкидлади.
Саидовга кўра, учрашувда давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиш муҳимлигини таъкидланган. «Биз иттифоқчилик руҳидаги доимий мулоқотимизни давом эттиришга келишиб олдик», — деб ёзди вазир.
Бу баёнот Тошкентдаги мактабда ўқитувчи ўқувчини ургани юзасидан Россия ТИВ муносабат билдиргани фонида эълон қилинди.
Аввалроқ хабар қилинишича, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Тошкент шаҳрининг 188-мактабида рус тили фани ўқитувчиси 6-синф ўқувчисини калтаклаган воқеага муносабат билдирган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова бу масалани диққат билан кузатиб бораётганини айтган.
Россия ТИВ, шунингдек, Ўзбекистондан масала бўйича "ОАВдаги материалларга ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосли бўлса, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан зудлик билан чора кўриш"ни сўради.
Бунга нисбатан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров ўз муносабатини билдирди.
"Бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади!", деди Қодиров.