Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 25 сентябрь куни брифингда бу масалани диққат билан кузатиб бораётганини айтди.
Захаровага кўра, Россия ТИВ воқеа юзасидан Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўради. "Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас", — деди у.
Россия ТИВ, шунингдек, Ўзбекистондан масала бўйича "ОАВдаги материалларга ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосли бўлса, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан зудлик билан чора кўриш"ни сўради.
Бунга нисбатан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси лидери Алишер Қодиров ўз муносабатини билдирди.
"Бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади!", деди Қодиров.
"Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча, муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди", дея қўшимча қилди партия лидери. Қодиров ўз Телеграм каналида Россия мактабларида ҳолатларни акс этган видеоларга ҳам ҳаволарни қолдирди.
"Текис жойда тўпалондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди деган хулосага эртарок шекилли…", деб ёзди Алишер Қодиров.
Аввалрок рус тили фани ўқитувчиси 6-синф ўқувчисини калтаклагани ҳақида хабар берилган эди.
Боланинг онаси Facebook`да пост эълон қилиб, унда устоз билан бўлган можаро бола ўқитувчидан дарсни ўзбек тилида эмас, рус тилида ўқитишни сўрагани сабабли юзага келганини айтган. Кейинроқ пост ўчириб ташланди.