Ссылки доступа

«Бахти Ташкентский»нинг ўғли қўлга олинди


Тошкент шаҳрида бир қатор жиноятларни содир этишда гумонланган олти нафар шахс қўлга олинди. ИИББ ахборот хизмати хабар беришича, улар орасида Қудратуллаев Ихтиёр Бахтиёр ўғли ҳам бор бўлиб, у «Бахти Ташкентский» лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғлидир.

Хабарга кўра, у Жиноят кодекси 165-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан гумонланиб қўлга олинган.

Бахтиёр Қудратуллаев ҳам декабр ойи бошида қўлга олинган, майда безорилик ва ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаган учун 15 суткага қамалган, бундан ташқари, Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётгани маълум қилинганди.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Бахтиёр Қудратуллаев уюшган гуруҳ таркибида ҳаракат қилгани ва бундай айблов учун далиллар етарли эканини айтганди.

Пойтахтда Тошкент шаҳар ИИББ ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган тезкор-профилактик тадбирларнинг «Долзарб қирқ кунлиги» доирасида бир қатор жиноятларни содир этган яна беш киши ушланиб, гумон қилинувчи тарзида жалб этилган.

Тергов қилинаётган жиноят иши доирасида гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG