Ссылки доступа

Фарғонадаги махсус тадбирларда 22 нафар жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди


Фарғона вилоятида ҳам криминоген вазият устидан катта тозалаш бошланди. Охирги 10 кунда жиноят содир этгани учун қидирилаётган 37 киши топилган, 22 киши безорилик устида ушланган, 248 кишининг уйида тинтув ўтказилган. Бу ҳақда Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, вилоятда “Зарбдор 40 кунлик” доирасида Фарғона вилоятида тезкор вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш борасида ҳамкорликдаги тезкор-қидирув профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳуқуқбузарликларини аниқлаш бўйича 106 марта фаол тезкор қидирув тадбирлари ўтказилиб, 66 та жиноятлар аниқланди деб хабар бермоқда вилоят ИИБ матбуот хизмати.

Мазкур тадбирлар давомида, 4 кг 749 грамм гиёҳвандлик воситалари, 78 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар, 41 та қурол, ўқ дорилар ва совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёлар, 45 дона турли хил компютер, телефон ҳамда диний адабиётлар олинган.

Жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яширинган 37 нафар қидирувдаги шахслар ушланган. Бундан ташқари, ўтказилган махсус тадбирлар давомида гуруҳбозлик қилган 22 нафар шахслар безорилик устида ушланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган.

Бошқарма қайд этишича, жорий йилнинг 22 ноябр куни Олтиариқ туманида гуруҳбозликка интилувчи икки гуруҳ вакиллари А.Рустамов ва Т.Мирзарахимов ўртасида жанжал келиб чиққан. Ўтказилган тезкор ишлар давомида 15 нафар гуруҳбозлар ва уларнинг издошлари қўлга олиниб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Фарғона вилояти ИИБ, ушбу тадбирлар доирасида MMA жангичиси Ҳумоюн Тўхтамуродов ҳам қўлга олинганини маълум қилганди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев қўлга олинганини маълум қилганди. Шунингдек, “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев ва Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев ушлангани ҳақида маълумотлар мавжуд.

XS
SM
MD
LG