Ссылки доступа

Расман: Фарғонада “Бахти Ташкентский”га яқин бўлган Достон Халилов ушланди


 Достон Халиловни қўлга олиш пайти. Фарғона ИИБ ахборот хизмати фотоси
Достон Халиловни қўлга олиш пайти. Фарғона ИИБ ахборот хизмати фотоси

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ДХХ билан ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида “Бахти Ташкентский” лақабли "Бахтиёр Қудратуллаевга яқин бўлган Достон Халилов” қўлга олинди.

Расман билдирилишича, Фарғона шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 109-моддаси билан судланган, Достон Халилов қўшни Қирғизистонга қочиб ўтмоқчи бўлганида "Дўстлик" чегара постида қўлга олинди.

Унга нисбатан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (безорлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур айблов асосида у 3 йилдан беш йилгача озодликдан чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилиши мумкин.

3 декабрда Тошкент шахар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси “қонундаги ўғри” сифатида билинган “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратуллаев ва бошқа шахслар ҳибсга олингани ҳақида билдирган эди.

Хабарда айтилишича, улар "таҳдид ва куч ишлатиш йўли билан пул маблағларини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш билан шуғулланган". (165-модда 3-қисми, жуда кўп миқдорда товламачилик). Шунингдек, “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев 276-модда 2-қисми - кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини сақлашда ҳам гумонланмоқда.

Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилмоқда. Шу кунгача жиноят оламининг қатор кўзга кўринган вакиллари қўлга олингани айтилмоқда.

Пойтахтда “криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбирлар” ўтказилаётганини тасдиқлаган ИИББ фуқаролардан хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва хавотирга берилмасликни сўраган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, “Долзарб қирқ кунлик” доирасида Тошкентда “кўча”ни батамом йўқ қилиш кўзланган.

XS
SM
MD
LG