Ссылки доступа

“Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси тасдиқланди


“Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Ҳужжатга кўра, Хитой ҳукумати, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Хитой — Қирғизистон -Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини биргаликда амалга оширишда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битим тасдиқланди.

Шартноманинг ўзи уч мамлакат вакиллари томонидан 6 июнь куни Пекинда имзоланган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга киргандан кейин унинг қоидалари амалга оширилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминлайди.

Ўзбекистон—Қирғизистон—Хитой темирйўли қурилиши лойиҳаси бўйича уч давлат ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда имзоланганди. Ҳужжатда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ўтган йилнинг биринчи ярмида тайёрлаш кўзда тутилганди.

Ҳужжатга мувофиқ, Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон темир йўл лойиҳасини амалга ошириш учун Қўшма лойиҳавий компания (ҚЛК) тузишади. ҚПК фаолиятини таъминлаш учун устав капиталидаги улушлар уч мамлакат ўртасида тақсимланади: улушнинг 51 фоизи Хитойга, 24,5 фоиздан эса Қирғизистон билан Ўзбекистонга тегади.

Шартномада темир йўл йўналиши “Қашғар - Тўруғарт - Мақмал - Жалолобод - Андижон” шаклида кўрсатилган.

Аввалроқ лойиҳа 4,7 миллаирд долларга баҳоланаётгани, ундан 2 миллиард 350 миллион долларини кредит сифатида ҚЛК олиши маълум бўлган. Қолган сумма эса уч мамлакатнинг ҳар бир томонидан киритилади.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаровга кўра, темир йўл қурилишини 2024 йил августиданоқ бошлаш режаланган.

20 йилдан ортиқ муҳокама қилинаётган лойиҳанинг амалга оширилиши Хитойдан Ўзбекистон орқали Европа ва “Жанубий йўлак” орқали Форс кўрфази давлатларига савдо ва транспорт географиясини кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG