Ссылки доступа

Қирғиз парламенти Ўзбекистон, Хитой ва Қирғизистон темир йўлга оид битимни маъқуллади


Лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 млрд долларга баҳоланмоқда. Маблағнинг ярми – 2 млрд 350 млн долларни Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитой вакилларидан иборат қўшма лойиҳа компанияси (ҚЛК) кредит сифатида олади. Кредитни Хитой ажратади. 

Қирғизистон парламенти Ўзбекистон, Хитой ва Қирғизистон темир йўлга оид битимни уч ўқишда маъқуллади. “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим Хитой пойтахти Пекин шаҳрида 6 май куни имзоланган эди.

Битимни депутатларга тақдим этган Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири ўринбосари Ирисбек Бариев уч давлат ўртасидаги темир йўли Хитойни Марказий Осиё минтақаси билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланиши, келгусида бу йўл уч мамлакатга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беришини урғулаган.

Унга кўра, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши оқибатида вужудга келадиган иқтисодий самара янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилиши, ўзаро савдо ҳажми каррасига ошиши, саноат кооперацияси кенгайиши, инвестициявий жозибадорлик ўсишида намоён бўлади.

Қурилажак темир йўл, келишувга кўра, Қашғар – Тўруғарт – Мақмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтади. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 млрд долларга баҳоланмоқда. Маблағнинг ярми – 2 млрд 350 млн долларни Қирғизистон, Ўзбекистон ва Хитой вакилларидан иборат қўшма лойиҳа компанияси (ҚЛК) кредит сифатида олади. Кредитни Хитой ажратади.

Темир йўлини қуриш ишлари августдан бошланади.Бу ҳақда Қирғизистон Бош вазири Оқилбек Жапаров 13 июнь куни бўлиб ўтган Жўқорғу Кенеш мажлисида айтиб ўтган.

Лойиҳа якунига етказилган тақдирда бу йўл орқали йилига 15 миллион тоннагача юк ташилиши мумкинлиги, товарларни харидорларига етказиш муддати эса бир ҳафтага қисқариши тахмин қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG