Ссылки доступа

Жапаров “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли қурилиши бўйича қонунни имзолади


Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров 2024-йил 6-июнь куни Пекинда имзоланган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Президент маъмурияти қонуннинг мақсади уч давлат ўртасидаги битим кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-қоидаларини амалга оширишдан иборат эканлигини таъкидлади.

Ҳужжатга мувофиқ, Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон темир йўл лойиҳасини амалга ошириш учун Қўшма лойиҳавий компания (ҚЛК) тузишади. ҚПК фаолиятини таъминлаш учун устав капиталидаги улушлар уч мамлакат ўртасида тақсимланади: улушнинг 51 фоизи Хитойга, 24,5 фоиздан эса Қирғизистон билан Ўзбекистонга тегади.

Шартномада темир йўл йўналиши “Қашғар - Тўруғарт - Мақмал - Жалолобод - Андижон” шаклида кўрсатилган.

Аввалроқ лойиҳа 4,7 миллиард долларга баҳоланаётгани, ундан 2 миллиард 350 миллион долларини кредит сифатида ҚЛК олиши маълум бўлган. Қолган сумма эса уч мамлакатнинг ҳар бир томонидан киритилади.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаровга кўра, темир йўл қурилишини 2024 йил августиданоқ бошлаш режаланган.

XS
SM
MD
LG