Аввал хабар берганимиздек, Германия канцлери Олаф Шольц 15-16 сентябрь кунлари Ўзбекистонга сафар қилмоқда.
Ташриф давомида меҳнат миграцияси соҳасида шаффоф ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган битим имзолангани мамнуният билан таъкидланди.
Масъул идоралар даражасида талаб юқори бўлган ўзбекистонлик мутахассисларни тайёрлаш ва Германияга юбориш бўйича амалий ҳамкорлик «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Германиянинг дуал таълим тизимини Ўзбекистон ҳудудларида кенг жорий этишга қизиқиш билдирилди. Етакчи университетлар ўртасида таълим ва илмий алоқаларни ривожлантириш учун икки мамлакат олий ўқув юртлари форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Ўзбекистон томони қўшма дастурларни амалга ошириш, Германия олий таълим муассасаларининг факультетлари ва филиалларини очиш учун барча шароитларни яратишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, ташриф доирасида Бошқарув кадрларини тайёрлаш қўшма мактаби ишга туширилиши қайд этилди.
Мирзиёев ёшларнинг немис тилига қизиқиши юқори эканини, бу тилни 300 мингга яқин йигит-қиз ўрганаётганини таъкидлади.
Германия томони мамлакат ҳудудларида тил ўрганиш ва ўқитувчилар тайёрлаш дастурларини кенгайтиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Маданий ҳамкорлик бўйича аралаш комиссия фаолиятини қайта тиклаш таклиф этилди.
Президент матбуот хизматига кўра, ўтган йили Ўзбекистон ва Германия ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард евродан ошди. Йил бошидан буён Ўзбекистон иқтисодиётига Германия компанияларининг 800 миллион евролик инвестициялари киритилди.