Ссылки доступа

Германия канцлери Олаф Шольц Ўзбекистонга келди


15 сентябрь куни Германия федерал канцлери Олаф Шольц Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Самарқанд шаҳри аэропортида Германия ҳукумати раҳбари Олаф Шольцни Бош вазирнинг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Шавкат Мирзиёев Германия канцлери Олаф Шольцни Регистон майдонида кутиб олди.

15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ташриф дастурига мувофиқ, Самарқанд шаҳрида олий даражадаги музокаралар ўтказилади. Унда Ўзбекистон-Германия кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Савдо-иқтисодий, технологик ва инвестициявий-молиявий шерикликни кенгайтириш, Германиянинг етакчи компания ва банклари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, меҳнат миграцияси, экология, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва бошқа йўналишларда фаол алоқаларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади. Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари бўйича фикр алмашилади.

Reuters хабарига кўра, Олаф Шольц Россиянинг Украинага қарши уруши муносабати билан Берлин янги бозорлар ва энергия ҳамда фойдали қазилмалар манбаларини қидираётган бир пайтда Қозоғистон ва Ўзбекистонга илк ташрифини амалга оширмоқда. Бундан ташқари, немис ОАВларининг ёзишича, Германия Ўзбекистон билан миграция шартномасини имзолашни режалаштирмоқда.

XS
SM
MD
LG