Аввалроқ фестиваль ташкилотчилари тадбир Ўзбекистон Маданият вазирлиги кўрсатмасига кўра тўхтатилгани ҳақида хабар беришгани айтилди. Бу ҳақда Artdocfest/Asia фестивали директори ва президенти Виталий Манский Facebook cаҳифасида маълум қилди.
Унга кўра, Тошкентда Artdocfest/Asia фестивали доирасида намойиш қилинаётган “Шарқий фронт” фильми маън этилди.
Манскийнинг ёзишича, "фестиваль дастуридаги қолган барча намойишлар" ҳам тақиқланган. Манский бу Ўзбекистон Маданият вазирлиги кўрсатмаси асосида амалга оширилганини таъкидламоқда.
Ҳолат юзасидан Маданият вазирлиги расмий муносабат билдирди. Унга кўра, филмни намойиш этишда бир қанча талаблар бузилган.
Тегишли ҳужжатларга асосан, Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш учун ИИВдан рухсатнома олиш шарт. Аммо 2–8 апрел кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган Artdocfest/Asia фестивалини ўтказиш учун ташкилотчилар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда рухсатнома олишмаган.
«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг расмий равишда огоҳлантиришларига қарамай оммавий тадбир ва филмлар намойишини ташкил этиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилишган», – дейилади изоҳда.
Бундан ташқари, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий филмларни намойиш этиш учун хусусий тадбиркорлар Кинематография агентлигига ариза билан мурожаат этади ҳамда агентлик томонидан ушбу мурожаат 10 иш кунида кўриб чиқилади.
«Шу билан бирга, фильмни оммавий намойиш этишда бир қатор талаб ва шартларга қатъий риоя этилиши белгиланган. Мазкур талаб ва шартларга амал қилинмаслиги фильмни оммавий намойиш этиш учун берилган рухсатноманинг бекор бўлишига олиб келиши кўзда тутилган», — дейилади вазирлик баёнотида.
Вазирлик, ўз навбатида, оммавий тадбирлар, жумладан, фестиваллар ва уларда фильмлар намойишини тўхтатиш Маданият вазирлигининг ваколатига кирмаслигини билдириб ўтди.