Ссылки доступа

Тошкентда "Артдокфест/Осиё" фестивали барбод қилинди


Фестиваль ташкилотчилари тадбир Ўзбекистон Маданият вазирлиги кўрсатмасига кўра тўхтатилганини айтмоқда.

Тошкентда "Артдокфест/Осиё" фестивали доирасида намойиш қилинаётган “Шарқий фронт” фильми маън этилди. Бу ҳақда Артдокфест фестивали директори ва президенти Виталий Манский Facebook cаҳифасида маълум қилди.

Манскийнинг ёзишича, "фестиваль дастуридаги қолган барча намойишлар" ҳам тақиқланган. Манский бу Ўзбекистон Маданият вазирлиги кўрсатмаси асосида амалга оширилганини таъкидламоқда.

Манский Медуза нашрига берган изоҳига кўра, тадбирга етиб келган полиция Маданият вазирлигидан кўрсатма олган.

"Бунинг орқасида Россия элчихонаси турганлиги айтилмоқда", деган директор, бироқ бу маълумотни қаердан олганини аниқламаган. Унинг қўшимча қилишича, фестивалга 25 нафар режиссёр келган ва намойишлар “жуда катта муваффақият билан ўтаётган эди”.

«Артдокфест/Осиё» 2 апрелдан 8 апрелга қадар Тошкентда бўлиб ўтиши керак эди.

"Шарқий фронт" - Виталий Манский ва Евгений Титаренконинг Украинадаги уруш ҳақидаги ҳужжатли фильми.

2022 йил март ойида Москвада бўлиб ўтиши режалаштирилган "Артдокфест" фестивали ҳам барбод қилинган эди, Манскийнинг ўзига бўёқ тўкиб кетилган. Шундан сўнг, Украинадаги урушга очиқчасига қарши чиққан Манский "Россияда тузум қуламагунча" Артдокфест бошқа у ерда ўтмаслигини айтган. 2022 йилнинг сентябрь ойида Россия Ички ишлар вазирлиги Манскийни туҳматда айблаб қидирувга берган.

XS
SM
MD
LG