Ссылки доступа

Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида 130 метрли яширин туннел аниқланди


Жалолобод вилоятидаги хонадондан топилган туннелдан одамлар ва юкларни чегарадан ноқонуний олиб ўтишда фойдаланилган.

Хонадон эгаси контрабанда каналини ташкил қилишда гумон қилиниб, қўлга олинган, деб хабар бермоқда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига таяниб маҳаллий ОАВлар.

“Акипресс” ахборот сайти маълумотига кўра, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Сузоқ тумани Бекобод қишлоғида яшовчи фуқаронинг уйида Ўзбекистонга олиб борувчи ерости туннелини топган. 130 метрли мазкур яширин ерости йўли одамлар ва юкларни ноқонуний олиб ўтиш учун ишлатилган.

Уй эгаси, 1986 йилда туғилган Э.А. 19 март куни контрабанда каналини ташкил қилишда гумон қилиниб, қўлга олинган. Айни пайтда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан туннелдан фойдаланишни ташкил этишда иштирок этган барча шахслар, шунингдек, Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар ҳамда республикага ноқонуний равишда кириб келган товарлар турлари аниқланмоқда.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Андижон вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Хонобод шаҳрининг “А.Навоий” МФЙ ҳудудини Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи 2 та яширин ерости йўли аниқланиб, улар орқали товар-моддий бойликларни юртимизга олиб ўтиш билан шуғулланган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан иборат трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек куйилди.

Дастлаб Қирғиз Республикаси фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга 16 та қопда жами 813 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, юртимиздан эса 1 кг. 745 гр. олтин ёмбилари ва заргарлик буюмларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳридаги бошқа шериклари аниқланди ҳамда уларга тегишли 10 та манзил кўздан кечирилганида, мазкур ерости йўлаклари орқали олиб ўтилган мобил телефон аппаратлари, планшет, ноутбук ва уларнинг аксессуарлари борлиги аниқланди.

Ҳар икки ер ости йўли 20 метр чуқурликда жойлашган, кенглиги 70-80 см.ни, баландлиги 170-180 см, биринчисининг узунлиги 350 метрни, иккинчисиники эса 135 метрни ташкил қилади.

Тезкор тадбир давомида, гуруҳ аъзоларидан дастлабки киймати 11 млрд. сўмни ташкил қилувчи жами 3813 дона турли мобил телефон аппаратлари, 50 дона планшет, 97 дона ноутбук ва 1000 донадан ортиқ аксессуарлар, шунингдек 1 кг. 745 гр. олтин ёмби ва заргарлик буюмлари олинди.

Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

XS
SM
MD
LG