Ссылки доступа

Олмалиқда уч ҳиндистонлик ўлимига сабаб бўлган ҳодиса юзасидан жиноят иши очилди


Олмалиқ шаҳридаги мис заводи қурилишида содир бўлган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) асосида жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 20 февраль куни соат саккизларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида қурилаётган мисни бойитиш фабрикасида темир конструкциялар қулаши оқибатида уч киши ўлгани ва 29 киши жароҳатлангани тўғрисида билдирганди. Уларнинг барчаси қурилишга жалб этилган Ҳиндистон фуқароларидир

Вазирлик бу ҳодисани “бахтсиз воқеа” сифатида талқин қилган. Расман билдирилишича, “темир конструкциялар сурункали қор ёғиши натижасида” қулаб тушган.

Фабрика қурилиши Enter Engineering ва Россиянинг “Уралмашзавод” ширкати томонидан амалга оширилаётганди. Лойиҳа қиймати эса 2 миллиард сўм деб белгиланган.

Enter Engineering бир неча марта Озодлик видеолари ва мақолаларининг “бош қаҳрамони” бўлган. Ширкат ишчилари ойликлари мунтазам кечиктирилиб берилаётганидан шикоят қилиб келишган.

Озодликнинг 2023 йил февралида эълон қилинган “Озодлик суриштируви: Ўзбекларни газсиз қолдирган махфий келишувлар” сарлавҳали журналистик суриштирувида 2012 йили Сингапурда рўйхатдан ўтган Enter Engineering акцияларининг 51 фоизига 2019 йилга қадар Кипрда рўйхатга олинган ширкат орқали Бахтиëр Фозилов¸ 49 фоизига эса¸ Газпромбанк эгалик қилгани очиқланган.

XS
SM
MD
LG