Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, уларнинг барчаси қурилишга жалб этилган Ҳиндистон фуқароларидир.
“20 февраль куни таҳминан соат 08:00 ларда Олмалиқ шаҳар Саноат зонаси ҳудудида жойлашган янги қурилаётган “3-сонли Мисни бойитиш фабрикаси”да бирламчи маълумотга кўра темир конструкциялар сурункали қор ёғиши натижасида қулаб тушган”, дейилади расмий билдирувда.
Вазирлик бу ҳодисани “бахтсиз воқеа” сифатида талқин қилган. Расман билдирилишича, конструкциялар қулашидан 32 киши жабрланган. Улардан уч нафари воқеа жойида ҳалок бўлган. Қолган 29 киши касалхонага етказилган. Улардан тўрт нафарига биринчи ёрдам кўрсатилгач, касалхонадан кетишга рухсат берилган.
Ҳозирда воқеа тафсилотлари ва сабаблари ўрганилмоқда.
“Газета уз”нинг ёзишича, мазкур фабрика Олмалиқ тоғ-кон комбинати таркибида қурилаётган эди. Фабрика қурилиши Enter Engineering ва Россиянинг “Уралмашзавод” ширкати томонидан амалга оширилаётганди. Лойиҳа қиймати эса 2 миллиард сўм деб белгиланган.