Ссылки доступа

Энергетика вазирлиги газ заправкалар ёпилганига изоҳ берди


Ўзбекистон Энергетика вазирлиги магистрал газ қувурларида газ босимининг кескин пасайишига изоҳ бериб, барча газ заправкаларнинг вақтинча ёпилишини маълум қилди.

17 февраль куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол туфайли 110 кВ кучланишга эга “Л-Газли-1” ҳамда “Л-Газли-2” электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши натижасида “Газли” компрессор станциясидаги 8 та ҳамда “Газли” газни қайта ишлаш заводига қарашли “Учқир” компрессор станциясидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати фавқулодда тўхтаган.

Оқибатда табиий газ ҳажми меъёрий схемадагидан қисқариб, магистрал газ қувурларида босим нисбатан пасайган.

“Газ босимининг камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги барча метан заправкалар фаолияти вақтинчалик тўхтатилди ва бу чеклов бугун ҳам давом этади”, — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Таъкидланишича, магистрал газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетиши мумкинлигини инобатга олиб, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида яна бошқа зарур чоралар ҳам кўрилмоқда. Ҳозирги вақтда 110 кВли “Л-Газли-1” ҳамда “Л-Газли-2” электр узатиш тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Газ ҳайдаш агрегатлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш устида ишланмоқда.

Ўзбекистонга келиб чиқиши арктик бўлган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши 16 февралдан бошланганди. Республикада ҳаво совиши ортидан метан заправкалар иш жадвалига ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги ҳақида “Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизмати аввалроқ маълум қилганди.

XS
SM
MD
LG