Ссылки доступа

ОТМларга 900 минг чоғли абитуриент ҳужжат топширди


Булардан 410 минг 334 нафари жорий йил битирувчилари, 483 945 нафари эса аввалги йиллар битирувчиларидир.

Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига ҳужжат қабул қилиш ишлари поёнига етган. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик қайдича, тест синовларида иштирок этиш учун 894 минг 279 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Булардан 410 минг 334 нафари жорий йил битирувчилари, 483 945 нафари эса аввалги йиллар битирувчиларидир.

Абитуриентлар энг кўп Тошкент шаҳрида (161 минг 369 нафар), Самарқанд вилояти (93 минг 92 нафар) ва Қашқадарё вилоятида (89 минг 188 нафар) тест топшириши маълум бўлган.

Абитуриентларнинг 784 минг 458 нафари таълим тили ўлароқ ўзбек тилини, 84 минг 774 нафари рус тилини, 22 минг 534 нафари қорақалпоқ тилини, 2 минг 513 нафари эса бошқа тилларни танлашган.

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги абитуриентларга тест синовларида иштирок этиш учун тўловни 26 июнь соат 23:59 гача амалга ошириш лозимлигини эслатган.

XS
SM
MD
LG