Президент Администрацияси томонидан ўтказилган видеоселекторда қатнашган манбанинг Озодликка билдиришича, адлия органларининг эндиликда мамлакатда "уюшмаган ёшлар" муаммоларини ўрганишга жалб қилиниши айтилган.
Жойларда ходимларни аллақачон ёшлар билан учрашиш учун маҳаллаларга сафарбар этиш бошланган.
“Ёшлар билан ишлаш топшириғи алоҳида назоратда ва сўров ҳам шунга мутаносиб бўлади. Зудлик билан барча ҳудудлар аризаларини олиш чораларини кўришингизни ва бугунги хатловга аёлларни жалб қилмасдан ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда топшириқни сифатли ижро қилишингизни сўрайман”, дейди Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озод Шодиқулов Телеграм-канали соҳа ходимларига юборган кўрсатмасида.
Озодликка етиб келган сурат ва буйруқ нусхаларида ходимларнинг ёшларни оталиққа олиш ва хатлов ўтказиш ишларига жалб этилгани акс этган.
Озодликка боғланган Самарқанд вилояти Адлия тизимининг исми сир қолишини сўраган ходими ҳар бир ходимга 100 дан ортиқ "уюшмаган ёшлар"нинг рўйхатлари берилгани, улар керакли аризаларни тўлдиришга мажбурланаётганини айтди.
"Бу мажбурий меҳнатдан бошқа нарса эмас. Агар давлатнинг ўзи шу иш билан шуғулланса, мажбурий меҳнат масаласи бизда ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди", дейди Адлия ходими.
Озодликнинг аниқлашича, Самарқанд вилоятидан бошланган мазкур тадбирлар мамлакат бўйлаб давом этмоқда. Тизим вакиллари бу борадаги ахборотларнинг ижтимоий тармоқларга чиқиб кетмаслиги юзасидан огоҳлантирилган.
2021 йилнинг 27 январида ўтказилган видеоселектр мажлисида президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда ёшлар аҳолининг деярли 55 фоизини ташкил қилиши, бу борадаги вазият ва уларнинг муаммолари ҳукуматнинг кўраётган чораларига қарамай ҳал этилмаётганини таъкидлаганди.
Президент ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сонининг кескин ошгани, ишсизлик ва бандликка кўмаклашиш соҳасида улкан муаммолар йиғилаётганини таъкидлаган.
Орадан уч йил ўтиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Олий суд маълумотларига кўра, ёшлар орасида содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони кескин ошган.
Статистика агентлигининг билдиришича, сўнгги беш йилда (2019-2023-йиллар) республика бўйича қайд этилган жиноятлар сони 2,3 баробарга ошган (2019 йилдаги 46 мингдан 2023 йилда 104 мингга)
Жиноятларнинг 43,8 фоизи иқтисодий, 24 фоизи жамоат хавфсизлигига қарши, 16,4 фоизи ҳокимият, бошқарув органлари, жамоат бирлашмалари фаолияти тартибини бузиш, 15,2 фоизи жисмоний шахсларга қарши жиноятлар экани айтилган.