АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) йиллик ҳисоботида Тожикистонда диний эркинликлар жиддий равишда бузилаётгани боис АҚШ ҳукуматини алоҳида шахслар ва давлат идораларига қарши санкциялар жорий этишга чақирди.
Май ойининг бошида чоп этилган йиллик ҳисоботда айтилишича:
- экстремизмга қарши кураш баҳонасида мухолифатчилар ва Эмомали Раҳмон ҳукуматини танқид қилганлар жазоланмоқда;
- Иегова гувоҳлари каби "ноанъанавий" деб топилган диний жамоалар нишонга олинмоқда;
- Қуролли Кучларига чақирув режасини бажармаган маҳаллаларда масжидлар ёпилмоқда;
- Тоғли Бадахшон вилоятида шия оқимига мансуб бўлган Оғахон жамғармасига алоқадор айрим объектларнинг фаолияти чекланмоқда.
Ҳисоботда айтилишича, аввалги йилларда ҳам Тожикистон диний эркинликларни «энг ёмон бузувчи» мамлакатлар рўйхатига киритилган ва тожик ҳукумати вазиятни яхшилаш йўлида ҳеч қандай чора кўрмаган. Шу муносабат билан USCIRF АҚШ ҳукуматига мамлакатда диний эркинликнинг жиддий бузилишига алоқадор бўлган давлат идоралари раҳбарларига қарши мақсадли санкциялар жорий этишни тавсия қилган.
Комиссия шунингдек Тожикистон ҳукуматидан “диндорлиги учунгина қамалган шахсларни зудлик билан озод қилишни” талаб қилиб босим ўтказишни тавсия этган.
Шунингдек, комиссиянинг фикрича, АҚШ ҳукумати Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотида (ЕХҲТ) тожикистонлик қочқинларни депортация қилмаслик масаласини кўтариши лозим.
Бундай тавсия комиссия томонидан аввалги йиллар ҳам берилган эди, бироқ, ҳисобот хотимасида айтилишича, АҚШ ҳукумати терроризм ва наркотик моддалар савдоси каби минтақавий хавфсизлик муаммоларини ҳал қилишда Тожикистон ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттирган ва 2023 йилда турли дастурлар орқали Тожикистонга 60 миллион доллардан ортиқ ёрдам маблағини ажратган.
Мазкур ҳисобот юзасидан Тожикистон ҳукумати ҳозирча муносабат билдиргани йўқ, бироқ Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмитаси январь ойида “мамлакатдаги диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни дуруст деб ҳисоблашини” маълум қилган эди.
АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) Конгресс томонидан тузилган мустақил ҳукумат ташкилотидир. Комиссия президент, Давлат котиби ва Конгрессга диний таъқибларни чеклашга қаратилган ташқи сиёсат бўйича тавсиялар беради.
Шу муносабат билан USCIRF АҚШ ҳукуматига мамлакатда диний эркинликнинг жиддий бузилишига алоқадор бўлган давлат идоралари раҳбарларига қарши мақсадли санкциялар жорий этишни тавсия қилган.