31 июль куни Вашингтонда туркман сиёсий маҳбуслари масаласи кўтарилган иккита намойиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Turkmen.news. Намойишлар Туркия ва Туркманистон элчихонаси олдида бўлиб ўтди.
Фаоллар Туркия элчихонаси олдида тўпланиб, Туркияни Туркманистон махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилмасликка чақирди. Улар "Одам газдан қадрлироқ" ва "Отатурк меросига хиёнат қилманг" шиорларини кўтариб чиққан.
Намойиш давомида Туркияда ҳибсга олинган ва Туркманистонга депортация қилинган фаоллар, жумладан Мардон Муҳамедов номи тилга олинди.
У HSM Habar Youtube-каналида туркман мухолифлари Холмурод Соёнов ва Сапар Иқлимов билан ҳамкорлик қилган. Муҳамедов Туркияда яқинда ўтказилган рейдлардан бирида қўлга олинган, ўшандан бери у ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Фаоллар у аллақачон Туркманистонга бериб юборилган деган гумонда.
Туркманистон элчихонаси олдидаги митингда ҳам туркман сиёсий маҳбуслари, жумладан, 22 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган ва тузалмас касаллик билан қамоқхонада ётган Мансур Мингелов эсга олинди. Аммо махсус хизматлар шифокорларга Мингеловга тиббий хулоса беришни тақиқламоқда.
Туркманистон ҳукумати ҳам, Туркия ҳукумати ҳам бу намойишларга муносабат билдирмади.
Вашингтонда туркман фаоллари ва сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаган намойишлар ўтди
Намойишлар Туркия ва Туркманистон элчихонаси олдида бўлиб ўтди.