Мухолифатнинг таъкидлашича, ушбу қонунни ҳукмрон партия Москва кўрсатмасига биноан қабул қилмоқда. Мазкур лойиҳа мазмунан ўтган йили норозилик намойишлари манзарасида қайтариб олинган қонун лойиҳаси билан бир хил экани айтилмоқда.
Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси қонун лойиҳасини қувватлаб ўз тарафдорларини 29 апрель куни кўчага олиб чиқишга ваъда бермоқда.
30 апрель куни парламентда ҳужжатнинг иккинчи ўқиши бўлиб ўтиши кутилмоқда.
“Шаффофликни таъминлаш учун” олиб чиқилаётган қонун лойиҳаси молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан оладиган барча нотижорат ташкилотлари ва ОАВ номлари киритилган реестр пайдо бўлишини кўзда тутади.
Қонун лойиҳаси “хорижий куч манфаатларини ташувчи бўлган ташкилотларни аниқлаш мақсадида” Адлия вазирлигига мазкур масала бўйича исталган пайтда текширув ўтказиш ваколатини беради.
Ўтган йилнинг 7 мартида Грузия парламенти биринчи ўқишда қонун лойиҳасини маъқуллагани ортидан мамлакат бўйлаб оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган эди. 8 март куни акция давом этган, 9 март куни эса “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси ва “Халқ кучи” ҳаракати мазкур қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олишган.
Ўтган йилги норозиликларга қарамай, “Грузия орзуси” 2024 йилнинг апрель ойи бошида қонун лойиҳасини қайтадан парламентга киритган. Биринчи вариантдан фарқли ўлароқ қайта ишланган ҳужжатда “хорижий таъсир агенти” деган атама ўрнига “хориж давлат манфаатини ташувчи ташкилот” деган иборадан фойдаланилган.