Ссылки доступа

Тожикистонда аҳоли ўз ҳисобидан мактабларни қуриб битказмоқда


Айрим мактабларда синф етишмаслиги сабабли болалар уч сменада ўқийди.

Тожикистон шимолида маҳаллий аҳоли ва меҳнат муҳожирлари 40 та мактабда таъмирлаш ва янги синфхоналар қуришга киришди.
Деваштич туманида аҳоли сонининг кўпайиши туфайли ўқув хоналари етишмайди, баъзи мактаблар эса 30 йил давомида капитал таъмирланмаган.

Қурувчилар янги ўқув йили бошлангунга қадар уларни таъмирлашга ваъда берган. Харажатларни мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ва меҳнат муҳожирлари ўз зиммасига олди. Қурилишнинг ўзи эса ҳашар усули билан амалга оширилмоқда.

"Ҳашарда Дархоннинг барча аҳолиси, педагоглар жамоаси, шунингдек, деҳқонлар иштирок этмоқда. Барча ишларни янги ўқув йилига якунлаш режалаштирилган. Келгуси йилда иккинчи қават қурмоқчимиз," - дейди мактаб ўқитувчиси Ҳусайнхон Қаюмов.

Расмийларнинг сўзларига кўра, жорий йилда туманда 40 дан ортиқ мактаб маҳаллий аҳоли ва мигрантлар ҳисобидан таъмирланган.

Бундан ташқари, бир нечта тадбиркорлар мактабларда янги ўқув хоналари қуриш истагини билдирди.

Мутасаддиларга кўра, туманда давлат бюджети ва халқаро ташкилотлар ҳисобидан бир нечта мактаблар қурилмоқда, бироқ уларнинг сони маҳаллий аҳоли ва меҳнат муҳожирлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар кўламига тенг эмас.

Ҳозир Сўғд вилоятида юздан ортиқ мактаб капитал таъмирлашга ёки янги ўқув хоналарига муҳтож. Айрим мактабларда синф етишмаслиги сабабли болалар уч сменада ўқийди. Бу омил кўплаб ота-оналарни муаммони ўз ҳисобидан ҳал қилишга мажбур қилмоқда.

XS
SM
MD
LG