Ссылки доступа

Кўлобда ягона мустақил газета бош муҳаррири қўлга олинди


Аҳмад Иброҳим
Аҳмад Иброҳим

У пора беришда айбланмоқда.

Хатлон вилоятида "Пайк" ҳафталик газетасининг бош муҳаррири Аҳмад Иброҳимни қўлга олинди. Озодлик радиосининг манбаси маълум қилишича, журналист 12 август куни пора беришда айбланиб ҳибсга олинган.

"Кўлоб прокуратураси унга нисбатан Жиноят кодексининг 320-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатган," - деди манба.

Манба қўшимча қилишича, Аҳмад Иброҳим Хатлон вилоятидаги ягона мустақил нашр бўлмиш "Пайк"ни рўйхатдан қайта ўтказиш учун пул таклиф қилган.

Аҳмад Иброҳимнинг дўстларидан бири 16 август куни Озодлик радиоси билан суҳбатда журналист пухта ўйланган режанинг қурбонига айланганини маълум қилди. Бунда асосий ролни маҳаллий хавфсизлик хизмати бошқармаси ўйнаган.

Бу, журналист ўз материалларида бир неча бор танқид қилган маҳаллий амалдорларнинг қасоси эканлиги айтилмоқда.

"Аҳмад мамлакат президентининг сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлайди. У мухолифат билан бўлган баҳсларда доимо президентни ҳимоя қилган. Президент хабар топса, уни озод қилишади, деб ўйлайман. Бу маҳаллий амалдорларнинг иши," - деди Озодлик суҳбатдоши.

Аҳмад Иброҳим 62 ёшда. У газетани 2012 йилдан бери чиқаради. Баъзан молиявий муаммолар деб нашр чиқарилиши тўхтатилган даврлар ҳам бўлган.

XS
SM
MD
LG