Исроил АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС гаровидаги яна тўрт киши ўлганини маълум қилди. Маълумот Исроил разведкаси томонидан тасдиқланган.
Ҳалок бўлган тўрт киши – 79 ёшли Хаим Пери, 80 ёшли Ёрам Метсгер, 84 ёшли Амирам Купер ва 51 ёшли Надав Попплевел Нир Оз ва Нирим кибуцларидан олиб кетилган эди. Разведка улар қандай вафот этганини очиқламаган. ҲАМАС буларни Ғазо секторининг жанубидаги Хон Юнис шаҳри яқинида ушлаб турган. Улардан икки нафарининг рафиқалари Нурит Купер ва Тами Метсгер эрлари билан бирга олиб кетилган эди, бироқ ноябрда улар қўйиб юборилган.
ҲАМАСнинг март ойидаги баёнотида айтилишича, гаровдаги бу тўрт киши Исроил армияси зарбалари оқибатида ўлган.
ҲАМАС 2023 йил 7 октябрда Исроилга ҳужум қилган пайтида гаровга 251 кишини олган эди.
Гаровга олинганларнинг деярли ярми ўтган йилнинг ноябрида эришилган қисқа муддатли оташкесим пайтида озод этилган. Исроил яна 120 киши гаровда қолаётганини, гаровдагилардан 41 киши ҳалок бўлганини билдирди.