Ссылки доступа

Тожикистонда амалдорлар миллий кийимлар кийишга ва армияга боришни тарғиб этмоқда


Расмийлар шу йўл билан аҳоли муаммоларини ўрганаётганини таъкидламоқда.

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида 1800 нафар давлат хизматчиси уйма-уй юриб, аҳолига миллий кийимларни кийиш қоидалари ва муддатли ҳарбий хизматни ўташ аҳамиятини тарғиб этмоқда. Танқидчилар буни одамларнинг шахсий ҳаёт даҳлсизлигига тажовуз деб ҳисобламоқда.

Тарғибот тадбирларида маҳаллий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари, шунингдек, маҳаллий депутатлар иштирок этмоқда. Ушбу тарғибот гуруҳлари 2024 йил августига қадар 621 минг хонадонга кириб боргани айтилмоқда.

Хатлон вилояти ҳокими Давлатали Саид август ойида ўтказилган матбуот анжуманида тарғибот гуруҳларининг мақсади ёшларнинг нотўғри йўлдан боришининг олдини олиш эканини маълум қилганди. Бундан ташқари, бундай йўл билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аниқланмоқда.

Мутасаддининг сўзларига кўра, ҳудудда тақиқланган ҳаракатларга жалб қилинган ёшлар жуда кўп ва бу расмийларни хавотирга солмоқда. Расмийлар тарғибот орқали ёшларнинг экстремистик гуруҳларга жалб қилинишининг олдини олишаётганини таъкидламоқда.

Ҳукумат камида 2015 йилдан бери уйма-уй юриш усулини қўлламоқда. Расмийлар шу йўл билан аҳоли муаммоларини ўрганаётганини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG