Ссылки доступа

Тожикистондаги (нисбатан) муҳолиф Демократик партиясида раҳбар ўзгарди


Оҳирги йилларда ДП ичкипартиявий  низоларни бошдан кечирмоқда, унинг аввалги мустақиллиги ва амалдаги ҳокимиятга муҳолифлигидан деярли асар қолмаган.

11 май куни Душанбеда бўлиб ўтган Тожикистон Демократик партиясининг (ДП) навбатдан ташқари қурултойида партияга янги етакчи сайланди. Аввалги раис Садижафар Усмонзода партия раислигидан четлаштирилди, унинг ўрнига 34 яшар Шаҳбози Аброр сайланди.

Усмонзоданинг ўзи қурултойда қатнашмаган. Бироқ қурултойдан икки кун аввал у тадбир ташкилотчиларини “фитначилар ва манфаатдор гуруҳ” деб атаган ва ушбу қурултой қарорларини тан олмаслигини айтган.

ДП Сиёсий кенгаши собиқ раиснинг бу баёнотини "уставга зид ҳулқ" деб атаган.

Тожикистон Демократик партияси 1991 йилда ташкил этилган. Унинг асосчиси Шодмон Юсуф ҳозирда Тожикистондан ташқарида яшайди. ДП коммунистик мафкурага қарши чиққан биринчи легал сиёсий ташкилот бўлган. Уни асосан зиёлилар ва ёшлар қўллаб келган. Бироқ оҳирги йилларда ДП ичкипартиявий низоларни бошдан кечирмоқда, унинг аввалги мустақиллиги ва амалдаги ҳокимиятга муҳолифлигидан деярли асар қолмаган. Партия бир неча бор бўлиниб кетган. Собиқ демократлар шу кунгача партияни бошқариб келган Саиджаффар Усмонзодани партияни "чўнтак" партиясига айлантирганликда айблайди.

Саиджафар Усмонзода икки марта – 2013 ва 2020 йилларда Тожикистон президентлигига номзодини қўйган, бироқ етарли миқдорда овоз йиғмаган. Айрим танқидчилар, Усмонзода шу тариқа сайловларга муқобиллик тусини бериш орқали амалдаги иқтидорга хизмат қилиб келаётганлигини айтади.

XS
SM
MD
LG