Ботсванада дунёдаги иккинчи энг йирик олмос топилгани маълум бўлди. Унинг оғирлиги 2492 карат (498,4 грамм) эканлигини Financial Times маълум қилмоқда.
Олмос Канада компанияси Lucara Diamond конидан топилган. Олмос соҳасига яқин манбаларнинг айтишича, тошнинг тахминий қиймати 40 миллион доллардан ошади.
Financial Times таъкидлашича, бу топилма лабораторияда етиштириладиган тошлар ва ҳашаматли буюмларга талабнинг пасайишидан жабр кўраётган олмос бозори учун муҳим воқеа бўлди.
Тош топилгани ҳақидаги хабар Lucara акцияларининг 40 фоизга ўсишига сабаб бўлди.
Топилган олмос шунчалик йирикки, унинг сифатини оддий ускуналар ёрдамида таҳлил қилиб бўлмайди. FT маълумотларига кўра, унинг ҳажми "ичимлик банкасининг учдан икки қисмига" тенг.
Бу Буюк Британия тождорлари қўлида бўлмиш, "Африка Юлдузи" деб танилган "Куллинан" олмосидан кейинги энг йирик заргарлик олмоси ҳисобланади.
Тошнинг тахминий қиймати 40 миллион доллардан ошади.