Ссылки доступа

Ўзбекистонда қариндошлар ўртасидаги никоҳни тақиқлашмоқчи


Қонун лойиҳасининг таҳлилий материалида келтирилган маълумотларга кўра, яқин қариндошлар ўртасида оилалар ташкил этилиши оқибатида ирсий касалликларга чалинган болалар сони йил сайин ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Бу Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан жамоатчилик муҳокамасига эълон қилинган Оила кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида назарда тутилади.

Ўзгартиришларга кўра, иккинчи, учинчи ва тўртинчи даражадаги ён шажара бўйича қариндошлар ўртасидаги никоҳни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Истисно тариқасида, тиббий генетик текширувлар (ДНК тести) натижаси ижобий бўлган никоҳларга рухсат берилади. Таклиф Жанубий Корея, Россия, Швейцария, Буюк Британия, Украина, АҚШ, қўшни ва бошқа мамлакатлар тажрибасига асосланган.

Ён қариндошлар ака-ука ва опа-сингиллар, уларнинг болалари, ота ва онанинг ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ва опа-сингиллари, уларнинг болалари ва бошқалар ҳисобланади.

Ҳозирда Ўзбекистонда насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ қуришга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда, масалан, 2021 йилнинг иккинчи ярмида 1210 та яқин қариндошлар ўртасида никоҳ ҳолатлари қайд қилинган. Ҳудудлар кесимида қариндошлар ўртасида тузилган никоҳларнинг ярмидан кўпроғи 59 фоизи иккита Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келган.

Қонун лойиҳасининг таҳлилий материалида келтирилган маълумотларга кўра, яқин қариндошлар ўртасида оилалар ташкил этилиши оқибатида ирсий касалликларга чалинган болалар сони йил сайин ортиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG