АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) Тожикистонда “миллий маданиятга ёт бўлган кийим-бош”ни ҳамда ҳайит кунлари болаларнинг “идгардак” айтишини тақиқланганини кескин танқид қилиб чиқди.
26 июнь куни USCIRF АҚШ ҳукуматига мурожаат қилиб, диний эркинликнинг бузилишининг олдини олиш учун Тожикистон ҳукуматига қарши чора кўришга чақирди.
USCIRF директори ўринбосари Эрик Уэланд 2016 йилдан буён АҚШ Давлат департаменти Тожикистонни "алоҳида ташвиш уйғотаётган мамлакатлар" қаторига киритганини, аммо шунга қарамай, Душанбе "диний эркинликни чеклашнинг янги усулларини қидираётганини" таъкидлади.
"Кўриниб турибдики, мамлакатни алоҳида ташвиш уйғотадиган давлатлар рўйхатига киритиш етарли эмас. Агар бу манзилли санкциялар ёки бошқа чеклов чоралари билан бирга амалга оширилса, муайян самарага эришиш мумкин," - дейди Уэланд.
“Миллий маданиятга ёт бўлган кийим-бош”ни ҳамда ҳайит кунлари болаларнинг “идгардак” айтишини тақиқловчи қонун лойиҳасини президент Эмомали Раҳмон томонидан 20 июнда имзоланиб, расмий матбуотда эълон қилинганидан кейин кучга кирган.
“Анъана ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисидаги” қонун лойиҳаси мамлакат парламентининг қуйи палатаси (Мажлиси Намояндагон) томонидан шу йил 8 майида қабул қилинган эди. Ўшанда мамлакат хорижида яшайдиган айрим тожикистонликлар ва руҳонийлар “идгардак” ва “ёт” кийим-бошга оид тузатишларни танқид қилишиб, уни қайта кўриб чиқишга чақиришган.
Қонунчиликка “миллий маданиятга ёт бўлган” кийим-бошни тақиқлаш бўйича тузатишлар парламентга Тожикистон президентининг жорий йил март ойидаги руҳонийлар билан учрашувидан кейин киритилганди.
“Кийинишда ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни сатр ва ҳижоб деб номланган ёт кийим-бошни кийиб юриш жамиятимиз учун яна бир долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади”, деган Эмомали Раҳмон миллий либослардан бегоналашиш миллатнинг миллий ва маданий ўзлигига путур етказишини урғулаган эди.
Бунинг ортидан Мусулмон уламолари иттифоқи Тожикистонда ҳижобни тақиқлашга оид қонун лойиҳасини қоралаб чиққан, Афғонистондаги экстремистик кайфиятда бўлган айрим руҳонийлар эса ҳатто “жиҳод” эълон қилган.
Қонун лойиҳасининг қуйи палатада қабул қилиниши ижтимоий тармоқларнинг тожик сегментида қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Бу борада мамлакат ичида айрим диний арбоблар, мулозимлар, ОТМ ўқитувчилари ва блогерлар ҳам ўз мулоҳазаларини билдирганлар.
“Миллий маданиятга ёт бўлган кийим-бош”ни ҳамда ҳайит кунлари болаларнинг “идгардак” айтишини тақиқловчи қонун лойиҳасини президент Эмомали Раҳмон томонидан 20 июнда имзоланиб, расмий матбуотда эълон қилинганидан кейин кучга кирган.