Ссылки доступа

Дональд Трамп иши бўйича суд жараёни 15 апрелга кўчирилди


Бу Қўшма Штатлар тарихида собиқ президент устидан ўтказилажак илк маҳкамадир.

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга оид жиноят иши кўриб чиқилажак суд жараёни жорий йилнинг 15 апрелида бошланади. Бу Қўшма Штатлар тарихида собиқ президент устидан ўтказилажак илк маҳкамадир.
Суд жараёни аслида 25 март кунига белгиланган эди, бироқ суд
Трампнинг адвокатларининг суд ишини ортга суриш талабини қондирди ва яна 20 кун муҳлат берди.

Бундан ташқари, Трампнинг ўзи АҚШдаги президентлик сайловолди пойгаси манзарасида суд праймеризга таъсир қилиши мумкинлиги, бу эса сайлов жараёнига аралашиш бўлиб ҳисобланишини қайд этган. Журналистлар билан суҳбатда Трамп яна бир бор ҳеч қанақа жиноят содир этмаганини билдирган.

Тергов маълумотларига кўра, Трамп 2016 йилдаги сайлов олдидан Сторми Дэниэлсга адвокати орқали 130 минг доллар тўлаб, ўзи билан жинсий алоқа қилгани ҳақида сукут сақлашни сўраган.

Тўлов ноқонуний бўлмаган, бироқ у Трампнинг адвокатига юридик хизматлар учун тўланган маблағ ўлароқ расмийлаштирилган. Нью-Йорк штатида бу ҳисоботни сохталаштириш бўлиб ҳисобланади.

Трампнинг адвокати Майкл Коэн 2018 йилда ҳужжатларни сохталаштиришга оид иш бўйича уч йилга қамалган. Ўша пайтда президентлик курсисини эгаллаб турган Трампга эса айблов билдирилган эмас.

Нью-Йоркдаги маҳкама жараёни собиқ президентга нисбатан қўзғатилган тўртта жиноят ишининг биринчиси бўлади.

Тўртинчи март куни Вашингтонда президент сайлови натижаларини бекор қилиш мақсади билан Капитолий биносига уюштирилган ҳужумда Трампнинг роли кўриб чиқиладиган суд ўтказилиши режаланаётган эди, бироқ мазкур жараён бўйича якуний қарор Олий суд томонидан чиқарилиши лозим. Трамп 2021 йил 6 январида Капитолийга қилинган ҳужум чоғида ҳам, ундан олдин ҳам ўз тарафдорлари билан президент ўлароқ мулоқот қилгани учун дахлсизлик мақомига эга бўлганини билдирган.

Трамп томонидан махфий ҳужжатлар сақланганига оид ишнинг кўриб чиқилиши май ойига белгиланган. Август ойида эса Жоржия штати расмийлари Трампнинг 2020 йилда штатдаги президент сайлови натижаларини ўзгартиришга уринганига оид ишни кўриб чиқишни режалаганлар.

XS
SM
MD
LG