Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари хизмати маълумотига кўра, назорат-ўтказиш пункти жорий йилнинг 20 ноябрида ўз фаолиятини тўхтатган.
Расмий баёнотда ўткир-респиратор касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида бундай чорага қўл урилгани айтилади.
Ҳозирча чегара пункти қачон қатнов учун очилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Туркманистоннинг Тошовуз ва Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти орасидаги “Шовот” чегара пункти эса ёпилмаган. Ўзбекистон Чегара қўшинларининг Хоразм вилоятидаги ходими Озодликка бу ҳақда айтди.
“Лебап-Бухоро орасидаги чегара пункти ёпилган, Тошовуз-Хоразм пункти очиқ”, - деди Чегара хизмати ходими 7 декабр куни Озодлик билан суҳбатда.
Ўзбекистонга сўнгги ойларда айнан Туркманистоннинг Лебап вилоятидан этник ўзбеклар кўчиб ўтиши кўпайганди.
Бухоронинг Олот туманида яшовчи блогер Феруз Чориев Озодликка Ўзбекистонда хорижликларнинг кириш ва қайдга туриш тартиби юмшатилгандан сўнг, қўшни Туркманистондан келувчилар сони ортганини айтди.
Ўзбекистонга Туркманистондан мавсумий иш учун келувчилар ҳам кўпайган.
“90 кунлик виза билан Хоразмга келиб, қурилишларда уч ой ишлаб қайтиб кетишяпти. Ойига эллик долларга ишлашга рози бўлишяпти. Қаерда қурилиш бўлса, Тошовуздан келган ишчиларни кўрасиз”, - дейди хоразмлик блогер Анвар Собиров.
Туркман инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари ва "Хроника Туркменистана" сайти бош муҳаррири Фарид Тухбатуллиннинг Озодликка айтишича, Туркманистондаги нафақат қашшоқлик, иш ҳақи пастлиги, балки этник камситиш ва қатағонлар ҳам этник ўзбекларни кўчишга ундаётган омиллардан.
Расман Туркманистонда 6,5 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 8-10 фоизи ўзбеклар экани айтилади.
Ўн йил аввал бу мамлакатда мактабларда ўзбек тилида таълим бериш бутунлай тўхтатилганди.
Совет даврида очилган ўзбек мактабларининг ҳаммаси туркман тилида сабоқ беришга ўтказилган.
Сўнгги йилларда эса ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари ёпилди, ўзбек каналлари ёйинлари тўсилмоқда.
Туркман инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари ва "Хроника Туркменистана" сайти бош муҳаррири Фарид Тухбатуллиннинг Озодликка айтишича, Туркманистонда ўзбеклар кўп яшовчи ҳудудларда маҳаллий раҳбарлик лавозимлари ҳам туркманларга берилади. Шу асно айрим ўзбеклар миллатларини ўзгартириш босими остида қолишган.
“Азалдан ўзбеклар яшайдиган қишлоқ ёки туманларга бошқа вилоятлардан туркманлар раҳбар этиб тайинланяпти. Ўзбек марказлари ёпилган. Яқин-яқинларгача Туркманистондаги этник ўзбеклар Ўзбекистон телеканалларини кўриш имконига эга эди. Ҳозир бу ҳам имконсиз, Ўзбекистондан теле ва радиосигналлар тўсиляпти. Ўзбекча газеталар йўқ”, - дейди Тухбатуллин.
Ўзбекистондаги расмий статитикага қаралса, 2023 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонга хориждан кўчиб келганлар сони 168 минг кишини ташкил этган.
Мамлакатга хорижий давлатлардан кўчиб келганларнинг асосий қисми, яъни 38 фоизи Россия фуқаролари бўлган. Кўчиб келганганларнинг 1,6 фоизи туркман фуқаролари.
Кўчиб келганларнинг ўсиш суръати энг юқори даражаси Бухоро, Самарқанд, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда кузатилган.
Ўзбекистоннинг Хоразм, Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Туркманистон билан умумий чегарага эга. Икки мамлакат ўртасидаги чегара узунлиги 1 минг 650 километрни ташкил этади.
Туркманистонга, асосан, тўртта чегара пости орқали ўтилади. Булар Хоразмнинг "Дружба" ва "Шовот" постлари, Бухоронинг Олот тумани Фароб чегара пости ҳамда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли чегара постларидир.
“Бу келаётганларни орасида статистикага тушмаганлар анча кўп бўлиши мумкин. Чунки айтганимдек, олдинига булар сайёҳлик визаси билан турист сифатида боришяпти. Шунинг учун стаститикада кўпчилиги қайд этилмаган бўлишлари мумкин”, - дейди Тухбатуллин.
Туркманистонлик ёзувчи ва журналист Худойберди Ҳоллининг айтишича, Ўзбекистон ва Туркманистон чегараси атрофида яшовчи минглаб аҳолини қариндош-уруғчилик ришталари боғлаб туради.
Айни пайтда Туркманистонда қарийб ярим миллион этник ўзбек истиқомат қилиши ва улар Туркманистон жами аҳолисининг 12 фоизини ташкил этиши айтилади.
Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида эса 150 мингдан зиёд этник туркман яшайди.
Туркманистон дунёнинг энг ёпиқ, инсон ҳуқуқлари қўпол равишда поймол этилувчи давлатларидан бири ҳисобланади.
Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ит ва отлари, Рембога ўхшаш ҳарбий кўринишида ўқ узиши, DJлик қилиши, спорт машиналарида пойга ўйнаб, қирувчи самолётларда кино қаҳрамонлари сингари осмонга кўтарилиши билан ном чиқарган эди.
Бердимуҳамедов шеърлар ёзади, отлар ҳақида реп айтган, шунингдек чой, доривор гиёҳларга бағишлаб китоблар ёзган.
Туркманистон ажабтовур тақиқлар мамлакати ҳамдир.
Бу давлатда аёлларга машина ҳайдаш тугул автомобил воситасининг олд ўриндиғида ўтириш ҳам тақиқланган.
Қолаверса, бу мамлакатда аёлларнинг тор кийим кийиши, киприк ёки тирноқ ўстириши, пластик операциялар қилдириши, лабини ботокс қилдириш тақиқлангани жаҳон матбуоти эътиборига тушган.
Давлат матбуотни тўла назорат қилади, хориждаги ахборот сайтларига тўсиқ қўйилган.
Туркманистондаги ўзбеклар асосан, Ўзбекистонга билан чегарадош ҳудудларида яшашади.
Туркманистон Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келганидан бери энг кўп сафар қилган минтақа давлатларидан биридир. Ўтган 7 йилда ўзаро борди-келдилар кўпайган.
Гарчи томонлар ўрталарида ҳал этилмаган бирор бир масала қолмаганини айтишса-да, виза ва чегара муаммоларига оид кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.
Икки давлат чегараолди ҳудудлари аҳолиси учун визасиз уч кунлик ўтиб-қайтиш тартиби амал қилган пайтлар ҳам бўлган.
Ҳозир бу тартиб амалда эмас. Чегараолди аҳолиси ҳам виза олишга мажбур. Тошовузда яшовчилар Хоразмга бориш учун Ашхободдаги ўзбек консуллигига бориб тўқсон кунга виза олишлари керак.
Чегара пункти ёпилиши ортидан визаси борлар Ўзбекистонга фақат учоқда сафар қилишлари мумкин бўлади.