Ссылки доступа

Туркман фаоли Тожимурот Бекиев Россиядан депортация қилинмоқда


Аввалроқ унинг акаси Очилбой Бекиев Туркманистонга депортация қилинган эди. У 23 йилга қамалиб кетди.

2023 йилдан бери Санкт-Петербург тергов изоляторида сақланаётган туркман фаоли Тожимурот Бекиев хорижлик фуқароларни вақтинча сақлаш ҳибсхонасига ўтказилди. Туркманистон Хелсинки жамғармасининг маълумотига кўра, Россия Тожимурот Бекиевни Туркманистонга депортация қилмоқчи.

Россия 2023 йил августида унинг акаси Очилбой Бекиевни Туркманистонга депортация қилган эди. У 23 йилга қамалиб кетди. Ака-ука Туркманистонда диний экстремистик оқимга мансубликда айбланмоқда. Бекиевларнинг яқинлари ва танишларига кўра, диндор ака-уканинг экстремистик оқимларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Ҳуқуқбонлар Тожимурот Бекиев Туркманистонга депортация қилинса, у ҳам узоқ муддатга қамалишидан огоҳлантирмоқда.

Ака-ука Бекиевлар Туркманистонни 2009 йилда тарк этган ва Россияда доимий яшаб келган. 2015 йилда Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлиги ака-ука Бекиевларга қарши жиноий иш қўзғатган ва улар 2016 йилда Санкт-Петербургда ҳибсга олинган. 2017 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Бекиевларни Туркманистонга экстрадиция қилишни тўхтатишга буюрганидан сўнг улар озод қилинган.

Бироқ 2023 йилнинг март ойида ака-ука яна ҳибсга олинган.

XS
SM
MD
LG