Ссылки доступа

"Крокус"да ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши юзасидан жиноий иш очилди


Гумонланувчилар сифатида концерт залидаги ёнғин хавфсизлиги учун масъул шахс ҳамда "Крокус" ўт ўчириш бригадаси раҳбари тилга олинмоқда.

Россия Тергов қўмитаси “Крокус Сити Холл” концерт залида ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилганлиги бўйича жиноий иш қўзғатди.

Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб хабар бермоқда.

Гумонланувчилар сифатида концерт залидаги ёнғин хавфсизлиги учун масъул шахс ҳамда "Крокус" ўт ўчириш бригадаси раҳбари тилга олинмоқда. Бу жиноий иш ва гумонланувчиларга нисбатан қўлланган эҳтиёт чораси ҳақида расман эълон қилинмаган.

“Крокус Сити Холл” концерт залига ҳужум 22 март оқшомида амалга оширилган. Ўша пайтда бинода 6000 одам бўлган. Бу одамлар қуролланган бир гуруҳ шахс томонидан ўққа тутилгани, бинога эса ўт қўйилгани натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 144 киши ҳалок бўлган, 380 дан зиёд одам жароҳатланган.

Баъзи гувоҳлар залдаги автоматик ёнғин ўчириш тизимлари ишламаганини айтган. ОАВ, шунингдек, деворларни безаш учун ишлатилган материаллар ёнғин тез аланга олиб кетишига ҳисса қўшган бўлиши мумкинлигини ёзган. Бироқ "Крокус" мажмуасининг эгаси Араз Агаларовнинг таъкидлашича, ёнғин ўчириш тизими "нормал ишлаган" ва ҳатто "соат 4 да ҳам буткул ёниб кетган бинода ҳамон ишлаётган бўлган". Агаларовнинг сўзларига кўра, ёнғиндан ҳимоя қилиш тизими "айнан кутилганидек ишлагани учунгина зал бир неча соат давомида қулламай турган ва кўпгина одам бу вақт мобайнида эсон-омон зални тарк этишга муваффақ бўлган".

Россия Тергов қўмитаси аввалроқ теракт билан боғлиқ 12 нафар гумонланувчи ушлангани ҳақида маълум қилган. Улардан ўн нафарига нисбатан ҳибсга олиш шаклида эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аввалроқ кўплаб мамлакатларда тақиқланган “Ислом давлати” террор гуруҳи “Крокус”даги теракт учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди. Мазкур теракт айнан ИД томонидан уюштирилганига АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар ҳам шубҳа қилишмаяпти. Россия томони теракт ижрочилари ортида Украина турган бўлиши мумкинлигини иддао қиляпти. Киев бунга оид айбловларнинг барчасини рад этиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG