Ссылки доступа

"Толибон" афғон аёл спортчиларининг Олимпиададаги иштирокини тан олмайди


Толибоннинг таъкидлашича, Афғонистон номидан Париж Олимпиадасида фақат эркак спортчилар иштирок этиши мумкин.

Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилаётган "Толибон" ҳаракати афғон аёл спортчиларининг мамлакат олимпия терма жамоаси сафидаги иштирокини тан олмаслигини маълум қилди.

Толибоннинг таъкидлашича, Афғонистон номидан Париж Олимпиадасида фақат эркак спортчилар иштирок этиши мумкин.

Аввалроқ, Халқаро олимпия қўмитаси аъзоларининг катта қисми хорижда истиқомат қилаётган Афғонистон Миллий олимпия қўмитаси билан маслаҳатлашувлар ўтказган эди. Маслаҳатлашувлар якунига кўра, Париж-2024 Олимпиадасига олти нафар спортчи - уч нафар эркак ва уч нафар аёл таклиф этилди. Улардан фақат битта спортчи, дзюдочи Афғонистонда яшаб, шуғулланиб келмоқда.

Спорт масалалари бўйича масъул Толибон вакили Атал Машвани Афғонистон номидан фақат эркаклар иштирок этиши мумкинлигини, мамлакатда аёлларга спорт билан шуғулланиш тақиқланганини айтди. Шунингдек, у ХОҚ Афғонистон олимпия терма жамоасининг эҳтимолий таркиби ҳақида толиблар билан маслаҳатлашмаганини таъкидлади. ХОҚ фақат мамлакат Миллий олимпия қўмитаси, хусусан, унинг сургунда яшаётган президенти ва бош котиби билан музокаралар олиб борганини тасдиқлади.

Шундай қилиб, Афғонистон олимпия терма жамоаси олти кишидан иборат бўлади. Афғонистонда яшовчи дзюдочидан ташқари, енгил атлетикачи ва сузувчи эркак ҳамда икки енгил атлетика ва бир велоспорт бўйича баҳслашадиган аёл мусобақада қатнашади. Улар собиқ Афғонистон Демократик Республикасининг қора-қизил-яшил байроғи остида чиқади. Толибонлар байроқни ўзгартирган, бироқ бу ҳаракат ҳукуматини дунёда фақат бир нечта давлатлар тан олган.

2021 йилда Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган "Толибон" ҳаракати аёлларнинг барча соҳалардаги ҳуқуқларини кескин чеклаб қўйди. Аёлларга ўрта мактабнинг олтинчи синфидан юқори таълим олиш, олий ўқув юртларига кириш, давлат хизмати ва нодавлат ташкилотларида ишлаш тақиқланади. Аёллар учун қатъий кийим-кечак коди жорий этилган, улар эркаклар ҳамроҳлигисиз саёҳат қила олмайдилар. Спорт билан шуғулланиш ҳам тақиқланган.

Юз минглаб афғон аёллари ўз ҳаёти ва озодлигидан қўрқиб, мамлакатни тарк этган. Уларнинг аксари санъат, журналистика, таълим ва илм-фан, спорт соҳасидаги мутахассис аёллардир.

XS
SM
MD
LG