АҚШда 52 яшар Салимжон Насриддинов ва унинг шериги Николай Голцев Россияга берилиши тақиқланган электроника билан рус армиясини таъминлашда кўмаклашганлини тўлиқ тан олди. Учинчи айбланувчи айбига қисман иқрор бўлди.
Россиянинг Украинага тажовузидан сўнг АҚШ ҳарбий соҳада ишлатилиши мумкин бўлган электроника жиҳозларини Россияга экспорт қилишни тақиқлаган эди.
Озодлик радиоси танишиб чиққан АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги ҳужжатларига кўра, жуфт истеъмол туридаги асбоб-ускуналар ва электроникани сотиб олиш билан асосан Салимжон Насриддинов шуғулланган. Бу ишда унга Канада ва Россия фуқаролигига эга Кристина Пузирева ва унинг турмуш ўртоғи Николай Голцев ёрдам берган. Иккиси ҳам 31 октябрь куни Нью-Йоркда қўлга олинган.
Насриддинов ва тижорий ҳамкорлари жиҳозларни АҚШда рўйхатга ўтган ширкатлар номига сотиб олган. Сўнгра уларни қайта қадоқлаб Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларидаги воситачилар орқали Россияга жўнатган.
Бруклин федерал судида бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида Насриддинов ва Голцев жуфт истеъмолдаги электроникани АҚШ санкциялари остида бўлган Россиянинг "Тесткомплект", "Радиоавтоматика", "ЭКВ-Нева" ва "Комтек" компаниялари учун ҳарид қилганини тан олган.
Салимжон Насриддинов Америкадаги тожик диаспораси орасида анча машҳур. У муваффақиятли тадбиркор ва Бруклиндаги "Тандури" ресторанининг эгаси ёки ҳаммуассиси сифатида танилган.
Насриддинов узоқ йиллар Россияда яшаган. У Россияда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Салимжон Насриддинов тожик тилининг форс тили сифатида расман тан олиниши тарафдори бўлиб, 2018 йилда мамлакат парламенти номига худди шу мазмундаги петицияга имзо чеккан эди. Ушбу петицияда у Россиялик муҳандис сифатида тилга олинган.
Россиянинг Украинага тажовузидан сўнг АҚШ ҳарбий соҳада ишлатилиши мумкин бўлган электроника жиҳозларини Россияга экспорт қилишни тақиқлаган эди.