Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзоданинг қудаси бўлмиш Муқим Ашуров қарзларини тўлагандан кейин қамоқдан озод қилинди.
У бизнес ҳамкорининг 320 минг долларини қайтариб бермаганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Озодлик радиоси билан суҳбатда Ашуровнинг таъкидлашича, унинг узоқ йиллик тижорий фаолияти давомида пул масаласида ҳеч қандай низо бўлмаган.
Муқим Ашуровнинг ўғилларидан бири Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзоданинг катта қизига уйланган. Муқим Ашуровнинг ҳибсга олиниши Қоҳир Расулзоданинг оиласи Дубай ва Душанбеда ҳашаматли мол-мулкка эгалик қилишини ошкор қилган журналистик суриштирувдан кейин содир бўлди. Ушбу материал тожик жамоатчилиги орасида катта шов-шувга сабаб бўлди.
Май ойида Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури (OCCRP)Dubai Unlocked лойиҳаси доирасида Тожикистон бош вазири Коҳир Расулзоданинг рафиқаси Иқболхон Нозированинг Дубайда кўчмас мулкка эгалик қилишини ошкор қилган эди. Нозирова Дубайдаги Mira Oasis 3 турар-жой мажмуасидаги умумий қиймати бир ярим миллион долларлик иккита виллага эгалик қилади.
Қоҳир Расулзоднинг яна бир қизи - Фарангиз Азимова Дубайда виллага эга. У ва турмуш ўртоғи, собиқ бош вазир Яҳё Азимовнинг ўғли Зафар Азимов турли мамлакатларда ҳашаматли ҳаёт кечиришини доимо кўз-кўз қилиб келади.
Тожикистон дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан биридир. Шунинг учун ҳам тожик расмийлари ва уларнинг яқинларининг хориждаги ҳашаматли кўчмас мулклари ва яшаш тарзи алоҳида қизиқиш уйғатмоқда.
Муқим Ашуров фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган эди.