ТАСС хабарига кўра, ҳисбга олинганлар ака-ука Аминжон ва Диловар Исломовлар ҳамда уларнинг оталари Исроил Исломовдир. Тергов тахминига кўра, Диловар Исломов ҳужумчилар томонидан фойдаланилган оқ рангдаги “Рено” автомашинасининг сўнгги эгаси бўлган. Суд қарорига кўра, Исломовлар камида 22 майгача тергов ҳибсхонасида қолишади.
“Крокус”га ҳужумдан кўп ўтмай “Новая газета Европа” нашри “Рено”нинг собиқ эгаси билан боғлангани, унинг исм-фамилияси ва отасининг исми бош ҳарфлари И. Д. И. экани ҳақида хабар қилган эди. Бу Диловар Исломовнинг инициалларига тўғри келмоқда. У нашрга “Крокус Сити Холл”даги воқеалардан бир ҳафта муқаддам автомобилни хотинининг акасига сотгани, машинасини теракт жойидан узатилган хабарда кўргач, шокка тушганини айтган. Кейинроқ унинг яқинлари журналистларга Исломовнинг ўзи акаси билан биргаликда гувоҳлик кўрсатмаси бериш учун полиция бўлимига кетишганини, шундан кейин улар билан алоқа узилиб қолганини маълум қилишган.
26 март куни бўлиб ўтган судда Диловар Исломов Россия фуқароси экани, Тверда таксичи бўлиб ишлаши, ёши 24 да экани, хотини ва бир фарзанди борлиги аниқланган.
Унинг акаси Аминжон 33 ёшда бўлиб, унинг етти нафар фарзанди бўлган. У судда аввал автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлагани, бироқ соғлиғи ёмонлашгани туфайли ишдан бўшаганини айтиб берган. “Медиазона” нашри қайдича, Аминжон судда “Крокус”даги ҳужумга алоқаси бўлмагани ва айбсиз эканини билдирган.
Диловар ва Аминжоннинг отаси Исроил Исломов 62 ёшда бўлиб, Тожикистон фуқароси бўлган бу кишининг вояга етган беш фарзанди бор.
Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин аввалроқ, тергов тахминига кўра, Исломовлар ҳужум ижрочиларига квартира ва машина бериб туришгани, шунингдек, улар учун пул етказиб берганини айтган эди.