Telegram мессенжерининг асосчиси Павел Дуров ўз каналида бир неча кун ичида “ўн минглаб” терактларга чақириқлар тозаланганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бундай чақириқларни тарқатган минглаб фойдаланувчилар блокланган.
"4 кун аввал русийзабон Телеграм фойдаланувчилари нотаниш шахслар терактларга ундовчи хабар юбораётганидан шикоят қила бошладилар. Биз бундай хабарларни тарқалишини олдини олиш учун қатор техник ва ташкилий чора-тадбирларни қўлладик", дейди Дуров.
Унинг айтишича, келаси ҳафтадан Россия, Украина ва Беларусиялик фойдаланувчилар уларга шахсий хабарлар юбориши мумкин бўлганлар доирасини чеклаши мумкин бўлади.
Аввалроқ Россия ОАВлари Крокус Сити Холл концерт залидаги терактдан сўнг россияликларга терактларга ундовчи таклифлар юборила бошланганини хабар берган эди. Baza нашрининг таъкидлашича, бундай муждаларни болалар ҳам олган.
28 март куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков мессенжер “борган сари террорчилар қўлидаги воситага айланиб бораётганини” таъкидлаган эди. "Биз Павел Дуровдан бу мавзуга кўпроқ эътибор беришини кутиб қоламиз", деди у.
Март ойининг бошида Павел Дуров 7 йил ичида журналистларга биринчи интервью берган. Унда у Телеграм биржага қўйилишини деярли ошкор қилганди. Дуровнинг айтишича, мессенжер 30 миллиард долларга баҳоланган.
Бундай чақириқларни тарқатган минглаб фойдаланувчилар блокланган.