Россия Тергов қўмитаси Москва чеккасидаги “Крокус Сити Холл” санъат саройида жума куни содир этилган теракт бўйича яна бир гумонланувчи ҳибсга олинганини маълум қилди.
У терактни амалга оширганларни молиялаштириш схемасида иштирок этганликда айбланмоқда.
ТҚ, шунингдек, Крокусга ҳужум қилганлар украин миллатчиларига алоқадорлиги ҳақидаги далиллар топилганини маълум қилди.
"Теракт ижрочилари Украинадан катта миқдордаги пул ва криптовалюта олгани ҳақидаги маълумотлар тергов давомида ўз тасдиғини топди, бу маблағлар терактни ташкил этишда ишлатилган", дейилади ТҚ баёнотида.
Далиллар гўёки қўлга олинганлардан тортиб олинган техник жиҳозлар ва улар орқали амалга оширилган молиявий операциялар ўрганилганидан кейин топилган. Тергов қўмитаси бошқа қўшимча маълумот бермади.
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин гўё теракт ижрочиларининг Украинада алоқалари бўлганини иддао қилганди: айтишича, террорчилар қочиши учун Россия-Украина чегарасида “туйнук” очиб қўйилган эмиш. Бироқ Путин сўзларига бирон далил келтиргани йўқ.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников ҳам терактнинг асосий буюртмачиси ҳали аниқланмагани, бироқ Украина махфий хизмати террорчиларга ёрдам берганини иддао қилган.
Украина расмийлари ва ғарблик экспертлар уларнинг иддаоларини рад этишмоқда.
140 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган “Крокус Сити Холл” даги теракт Россияда аксил мигрант кайфиятлари ва ксенофобияни кучайтирди. Мамлакат бўйлаб марказий осиёлик муҳожирларга қарши полиция рейдлари кўпайди, рус сиёсатчилари мигрантлар устидан назоратни кучайтиришга чақирмоқда. Россиядаги масжидларни бутунлай ёпиш талаблари ҳам янграмоқда.
“Крокус Сити Холл” яқинидаги стихияли ёдгорлик жойида "Визасиз режим ҳаммамизни бадном қилади" деб ёзилган баннер пайдо бўлди.
Тармоқларда муҳожирларни эркин ҳаракатланиш ҳуқуқисиз иш жойларида ушлабтуриш таклифи илгари сурилмоқда.