Ссылки доступа

Украина ҳарбийлари россияликлар қатл этган асир шахсини маълум қилди


Якшанба куни Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) расмийлари "Слава Украине" деганидан кейин отиб ташланган маҳбус аскарнинг шахсини аниқлади.

УХХ маълумотларига кўра, марҳум аскар Чернигов вилояти ҳудудий мудофааси 119 алоҳида бригадасининг 163 батальон снайпери Александр Матсиевскийдир.

Хавфсизлик хизмати марҳумнинг қариндошлари ва сафдошлари билан мулоқот қилиш, шунингдек, фото ва видео материалларни қайта ишлашни ўз ичига олган комплекс тергов ҳаракатларидан сўнг, қаҳрамон ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади.

Александр Матсиевский март ойида ҳарбий хизматга чақирилган. Декабрь ойи охиридан бери у Донецк вилоятидаги Красная Гора қишлоғи яқинида бедарак йўқолган. Разведка хизмати маълумотларига кўра, у 30 декабрь куни отиб ташланган. Февраль ойида унинг жасади Украинага қайтарилган.

Украина президенти Володимир Зеленский якшанба куни Александр Матсиевскийга Қаҳрамон унвонини берганини эълон қилди.

Ижтимоий тармоқларда 6 март куни украиналик ҳарбий асирнинг рус аскарлари томонидан қатл этилгани акс этган видео тарқалди. Украина воқеани ҳарбий жиноят деб атади ва халқаро тергов ўтказишга чақирди. Россия томони ҳозирча видеога изоҳ бермади.

XS
SM
MD
LG