Тожикистон Демократик партиясининг (ДП) собиқ раҳбари, амалдаги депутат Садижафар Усмонзода Адлия вазирлигидан норозилигини маълум қилди. У адлиядан партиянинг навбатдан ташқари қурултойи қонунга зид ўтган деб топишни сўрамоқда.
11 май куни Душанбеда жанжал билан ўтган ДП навбатдан ташқари қурултойида аввалги раис Садижафар Усмонзода четлаштирилиб, ўрнига 34 яшар Шаҳбози Аброр сайланган эди. Тожикистон Адлия вазирлиги ушбу қурултойини қонунга мувофиқ ўтган деб топди.
Усмонзоданинг ўзи қурултойда қатнашмаган. Бироқ қурултойдан икки кун аввал у тадбир ташкилотчиларини “фитначилар ва тор манфаатини кўзлаётган тўда” деб атаган ва ушбу қурултой қарорларини тан олмаслигини айтган.
ДП Сиёсий кенгаши собиқ раиснинг бу баёнотини "уставга зид ҳулқ" деб атаган.
Партия етакчилигидан четлаштирилган Садижафар Усмонзода ва унинг тарафдорлари ўзининг қурултойини 6 июнь куни ўтказган ва аввалги қурултойнинг барча қарорларини бекор қилган.
Тожикистон Демократик партияси 1991 йилда ташкил этилган. Унинг асосчиси Шодмон Юсуф ҳозирда Тожикистондан ташқарида яшайди. ДП коммунистик мафкурага қарши чиққан биринчи легал сиёсий ташкилот бўлган. Уни асосан зиёлилар ва ёшлар қўллаб келган. Бироқ оҳирги йилларда ДП ичкипартиявий низоларни бошдан кечирмоқда, унинг аввалги мустақиллиги ва амалдаги ҳокимиятга муҳолифлигидан деярли асар қолмаган. Партия бир неча бор бўлиниб кетган. Собиқ демократлар шу кунгача партияни бошқариб келган Саиджаффар Усмонзодани партияни "чўнтак" партиясига айлантирганликда айблайди.
Садижафар Усмонзода икки марта – 2013 ва 2020 йилларда Тожикистон президентлигига номзодини қўйган, бироқ етарли миқдорда овоз йиғмаган. Айрим танқидчилар, Усмонзода шу тариқа сайловларга муқобиллик тусини бериш орқали амалдаги иқтидорга хизмат қилиб келаётганлигини айтади.
Сўнгги йилларда ДП ичкипартиявий низоларни бошдан кечирмоқда, унинг аввалги мустақиллиги ва амалдаги ҳокимиятга муҳолифлигидан асар ҳам қолмаган.