Ссылки доступа

Россия Украинанинг Қозоғистондаги собиқ элчисини халқаро қидирувга берди


Москванинг Басманний туман суди Украинанинг Қозоғистондаги собиқ элчиси Пётр Врублевскийни сиртдан ҳибс қилиш тўғрисида қарор чиқарди.

ТАССнинг билдиришича, собиқ элчи Россияда Жиноят кодексининг 282-моддаси 2 қисми "а" банди асосида экстремистликда айбланмоқда ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Хабарда айтилишича, жиноят иши қўзғатилишига унинг 2022 йилда берган интервьюси сабаб бўлган. Ўшанда Украинанинг Қозоғистондаги элчиси лавозимини эгаллаб турган Врублевский блогер Диас Кузаировга Россия босқини юзасидан ўз фикрларини айтган.

Элчи: “Уларни иложи борича кўпроқ ўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Биз русларни ҳозир қанча кўп ўлдирсак, бизнинг болаларимиз шунчалик озроқ ўлдиришади”, - деган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўшанда элчи билан суҳбат ўтказилганини маълум қилган. Шундан сўнг Врублевский ўз гаплари учун кечирим сўраган. Россия дипломатни Қозоғистондан бадарға қилинишини талаб этган, Остона эса Врублевский меҳнат таътилига чиқишини билдирган.

Таътилдан сўнг Врублевский элчилик лавозимига қайтиши маълум бўлгач, Қозоғистоннинг Москвадаги элчиси Ермек Кошербаев Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган. Россия Врублевский Қозоғистондан бадарға қилинмаганига норозилик билдирган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Врублевский ўз лавозимини тарк этишини, аммо унга “мамлакатга кириш тақиқланмагани ва тақиқланмаслиги” тўғрисида баёнот берганди.

Украина президенти Владимир Зеленский Врублевскийни 2022 йилда лавозимидан бўшатган, Россия Тергов қўмитаси эса текширув бошлаган эди.

XS
SM
MD
LG