Ссылки доступа

Россия Марказий Осиёдаги нодавлат ташкилотларига қарши ов бошлади


Сўз ва матбуот эркинлигига бағишлаб ўтказилган юриш. Қирғизистон, 25 ноябрь, 2022
Сўз ва матбуот эркинлигига бағишлаб ўтказилган юриш. Қирғизистон, 25 ноябрь, 2022

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ўтган ҳафта Москва Марказий Осиё минтақасида "ғарбпараст" нодавлат ташкилотларга қарши "профилактик чоралар" кўраётгани ҳақида гапирди.

Россияда сўнгги йилларда ижтимоий ва сиёсий фаол нодавлат нотижорат ташкилотлар"хорижий агентлар" ва "номақбул ташкилотлар" сифатида таснифланган.

Шойгу Марказий Осиёдаги «мураккаб» вазият, “минтақада фаолият юритаётган 100 дан ортиқ ғарбпараст йирик ноҳукумат ташкилотлар”, шунингдек, Афғонистондан жангарилар бостириб кириши мумкинлиги ҳақида гапирди. Марказий Осиёда келгуси йилларда наркотик ишлаб чиқариш ҳажми ошиши кутилмоқда деди.

Бошқача айтганда, у нодавлат ташкилотларни минтақага ёки ҳеч бўлмаганда Россиянинг ундаги манфаатларига экзистенциал таҳдид деб билади.

“Махсус ҳарбий операция манзарасида бу нодавлат ташкилотлар Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳарбий-техникавий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни қисқартириш мақсадида Россияга қарши фаолиятини сезиларли даражада оширди”, дея шикоят қилди Шойгу 27 февраль куни.

Таҳлилчилар фикрича, Россиянинг ННТлар Москванинг қўшни давлатлардаги таъсирига путур етказишидан ваҳимаси янгилик эмас.

Шойгунинг баёнотларига жавоб берган ягона давлат Қозоғистон бўлди.

"Мен ҳеч қандай профилактик чора-тадбирлардан хабарим йўқ", деди ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко журналистларга.

Россия 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери можарода бетараф қолган Қозоғистон Россиядан бироз масофа сақлаш учун дипломатик баёнотлардан фойдаланди.

Аммо гап шундаки, Қозоғистон ҳар доим ҳам ННТ учун энг қулай жой бўлмаган.

Аммо Қозоғистон Марказий Осиёдаги ННТ учун энг дўстона давлатга айланиши мумкин. Бу мақомга узоқ вақтдан бери соҳиб бўлган Қирғизистон эса Россияга эргашмоқда.

22 февраль куни Қирғизистон парламенти Россиянинг 2012 йилда қабул қилинган хорижий агентлар тўғрисидаги қонунига ўхшаш қонунни қабул қилди.

«Адолат» нотижорат юридик клиникаси таҳлили кўрсатишича, қонун лойиҳасининг 90 фоиздан кўпроғи Россия қонунидан кўчирилган.

Айни пайтда 7 миллион аҳолиси бўлган Қирғизистонда 29 мингдан ортиқ ННТ рўйхатдан ўтган, бу деярли 20 миллион аҳолиси бўлган Қозоғистонда рўйхатдан ўтганлардан деярли икки баробар кўп.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган «Юксалиш» тадқиқот марказига кўра, минтақанинг аҳолиси энг кўп – қарийб 35 миллион бўлган Ўзбекистонда 9000 га яқин ННТ бор.

Аммо тошкентлик фаол Ирина Матвиенко 2021 йилда “Open Democracy”да эълон қилган мақоласида таъкидлаганидек, бу ташкилотларнинг “аксарияти аслида давлат томонидан ташкил этилган”, бироқ ННТларнинг хориждан қонуний равишда олиши мумкин бўлган маблағ миқдори жуда пастлигича қолмоқда.

Россия томонидан "профилактик чоралар" бу давлатларга шарт бўлмаса ҳам керак.

XS
SM
MD
LG