Ссылки доступа

Россия Тожикистонга яна беш нафар бадахшонликни экстрадиция қилди


Сўнгги бир ой ичида язғуломликлар иккинчи марта Россиядан экстрадиция қилинмоқда.

Россия Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг яна беш нафар турғунини Душанбега топширди. Озоди радиосининг манбаси маълум қилишича, Ванж туманидаги Язғулом маҳалласининг турғунлари “экстремистик ташкилотга аъзоликда” айбланмоқда.

Май ойида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ванж туманининг Язғулом маҳалласида 30 дан ортиқ фуқарони “терактга тайёргарликда” айблаб қўлга олган эди. Расмийлар Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида ўтказилган оммавий ҳибслар ҳақида расман изоҳ бермаган. Озоди радиоси манбаларининг хабар беришича, қўлга олинганлар Афғонистондаги экстремистик гуруҳлар билан ҳамкорликда гумон қилинмоқда.

Россиядан экстрадиция қилинган ёзғуломликлар ҳам шу ҳибслар доирасида ушланганлиги айтилмоқда.

Сўнгги бир ой ичида язғуломликлар иккинчи марта Россиядан экстрадиция қилинмоқда. Аввалроқ тўрт нафар йигит Петербургда ушланиб экстрадиция қилинган эди.

Озод» радиоси маълум қилишича, май ойида ҳибсга олинган 19 нафар ёзғуломликлар катта эҳтимол билан бир оилага мансуб. Маҳаллий амалдорлардан бири иддао қилишича, бу оила вакиллари “Афғонистонда бўлиб келган ва тоғларда қурол-яроғ сақламоқда".

Язғулом — Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Афғонистон билан чегарадош Ванж туманидаги маҳалладир. Ушбу ҳудуд Тожикистонда энг қашшоқ ҳудудлардан ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG