Ссылки доступа

Путин ядро қуролини қўллаш доирасини кенгайтирмоқчи


Москва ҳарбий-фазовий воситалар орқали ҳужумга ҳам ядро қуроли билан жавоб бермоқчи.

Россия президенти Владимир Путин мамлакат Хавфсизлик кенгашининг 25 сентябрдаги йиғилишида ядровий тийиб туриш бўйича доктринага ўзгартириш киритишни таклиф қилди.

Путинга кўра, Москва ядро қуролини қўллаш лозим деб ҳисоблайдиган ҳарбий таҳдидлар рўйхати кенгайтирилиши керак.

Янги доктринага Россияга қарши нафақат ядро қуроли, балки стратегик ва тактик авиация, қанотли ҳамда гипертовушли ракеталар, дронлар ва бошқа учар қурилмалар орқали уюштирилган оммавий ҳужумларга жавобан ядро қуролини қўллаш мумкинлиги ҳақида банд киритилади.

Москва ҳарбий-фазовий воситалар орқали ҳужумга ҳам ядро қуроли билан жавоб бермоқчи.

Умуман, “Россия Федерацияси суверенитети учун жиддий таҳдид туғдирган” ҳар қандай хатти-ҳаракатга жавобан оммавий қирғин қуролини қўллаш кўзда тутилмоқда.

Кремль ўз иттифоқчиси Беларусни ҳимоя қилиш учун ҳам “қизил тугма” босилишини истисно этмаган.

Путин таклифига кўра, ядро қуролига эга бўлмаган давлатнинг ядро қуролига эга давлат кўмаги ёки иштирокида Россияга ҳужум уюштириши ҳам эндиликда мамлакат суверенитетига жиддий таҳдид деб кўрилади.

Россия раҳбари номини аниқ очиқламаган ҳолда, ядровий тийиб туриш сиёсати юритиладиган мамлакатлар ва ҳарбий иттифоқлар рўйхатини кенгайтиришни буюрган.

Украинага босқинчилик уруши бошлаган Россиянинг дунё ҳамжамияти, хусусан, Ғарб давлатлари билан муносабатлари кескин ёмонлашди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Киевга фаол ҳарбий дастак бериши ва жанг майдонидаги тактик муваффақиятсизликлар ортидан Путин бир неча бор ядро қуроли ишга солиниши билан пўписа қилган.

XS
SM
MD
LG