Тожикистоннинг шимолий ҳудудларида фермерлар маҳаллий ҳокимиятлар деярли ёзнинг бошида пахта экишга мажбурлаётганидан шикоят қилмоқда.
Ҳокимиятларнинг бу талаби Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг мамлакат шимолида пахта экиладиган майдонлар қисқариб кетаётганидан хавотир билдирганидан кейин янграй бошлади. Раҳмонга кўра, ўтган йили Тожикистон шимолида аввалги йилларга нисбатан 9 минг гектар кам пахта экилган.
Деҳқонлар буни ўтган йилларда пахтадан тушган даромад ўзини оқламаётгани билан изоҳламоқда. Матчин туманидаги фермер Мирзобек Одинаев аввал пахтачилик билан шуғулланган, лекин ҳозирда беда етиштирмоқда. Май ойида маҳаллий ҳокимият вакиллари унга бедани ўриб ташлар, ўрнига пахта экишни буюрган.
"Бедани кесиб, ўрнига пахта экишни буюрдилар. Гарчи биз давлатдан ижарага олган икки гектарлик бошқа еримизга аллақачон пахта эккан бўлсак ҳам", дейди Одинаев.
Унинг сўзларига кўра, ҳосилни ўзгартиришга мажбур қилаёганлар бу билан боғлиқ ҳаражатларни қоплаб бермаяпти. Яна бир фермер, Маҳмуд Қурбонов 1,5 гектар томорқасида аввал пахта етиштирган эди, бу йил алмаштириб экиш қоидаларига мувофиқ тарзда беда эккан. Бу фермернинг айтишича, ҳокимият пахта экишни талаб қилишда кечиккан. “Агар январь-февраль ойларида шу гапни айтишганида, 50-60 гектар майдонга пахта экардик. Беда экиб бўлдик, лекин ҳамма нарсани ўриб, пахта экишга мажбурлашяпти. Беда экиш учун эса 6 минг сомонийга яқин маблағ сарфладим”, — дейди Қурбонов.
Матчалик фермерлар таъкидлашича, ҳукуматнинг бу талаби кўплаб фермерларни қаттиқ ташвишга солмоқда. Ўтган йилларда улар пахта етиштиришдан на нормал ҳосил, на нормал фойда олган.
Маҳаллий ҳокимиятнинг вакили Нарзулло Боймирзоевнинг айтишича, пахтачилик давлат стратегиясининг бир қисмидир. "Бизнинг режамиз ва тегишли истиқболларимиз бор. 12 минг гектарга пахта экишимиз керак. Фермерлар эса фақат ўзини ўйлаб, барча далаларга беда эккан. Солиқ тўлашга, нафақаларга пулни қаердан оламиз унда? Ҳозирда вазият жуда жиддий”, дейди у.
Пахта алюминий билан бир қаторда Тожикистоннинг асосий экспорт товари ҳисобланади. Бироқ, журналист Исфандиёр Одинга кўра, “бу соҳада, жумладан, мамлакатга пахтадан тушган даромадлар борасида шаффофлик йўқ”.
Ҳукуматнинг бу талаби кўплаб фермерларни қаттиқ ташвишга солмоқда. Ўтган йилларда улар пахта етиштиришдан на жўяли ҳосил, на фойда олган.