Ссылки доступа

Украина бўйича тинчлик саммитида 90 га яқин давлат иштирок этишини тасдиқлади


Анжуманда Украинани дастаклаётган Ғарб давлатлари ҳам, Россия босқини юзасидан бетараф позицияда бўлган давлатлар вакиллари ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Украина бўйича тинчлик саммитида 90 га яқин давлат иштирок этишини тасдиқлади. Бу ҳақида Швейцария президенти Виола Амхерд маълум қилди.

Швейцариянинг Бюргеншток курортида 15-16 июнь кунлари Европа, Осиё, Жанубий ва Шимолий Америкадаги давлатларнинг юқори мансабдорлари Украинадаги урушни тўхтатиш шартларини муҳокама қилади.

Тинчлик саммитига жами 160 га яқин давлат ва ташкилот таклиф этилган. Деярли ярми ҳали ўз иштирокини тасдиқлагани йўқ. Швейцария президенти буни муваффақиятсизлик деб ҳисобламаслигини айтди.

Аксар мамлакатлар энг юқори даражада – давлат ёки ҳукумат раҳбарлари даражасида иштирок этади. АҚШ вакили сифатида вице-президент Камала Харрис иштирок этади. Учрашувда иштирок этишдан бош тортган давлатлар орасида Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ҳам бор. "Глобал жануб"га мансуб қатор давлатлар раҳбарият даражасида эмас, маслаҳатчи ёки элчи даражасида иштирок этади.

Тадбирга Россия таклиф қилинмайди. Амхерднинг таъкидлашича, Россия учрашувга таклиф этилмаган бўлсада, анжуманда Россияни тинчлик жараёнига қўшиш масаласи ҳам муҳокама қилинади.

Бундан аввалги тўртта йиғин ҳам Россия иштирокисиз ўтказилганди. Анжуманда Украинани дастаклаётган Ғарб давлатлари ҳам, Россия босқини юзасидан бетараф позицияда бўлган давлатлар вакиллари ҳам қатнашиши кутилмоқда.

Ўтган йили Украина президенти Владимир Зеленский урушни тўхтатиш бўйича “тинчлик формуласи”ни таклиф қилган эди. Ўн банддан иборат мазкур ҳужжатда, жумладан, Россия кучларини Украина ҳудудидан олиб чиқиш, Украина ҳудудий яҳлитлигини тиклаш тинчлик сари ташланадиган асосий қадамлар экани айтилади.

XS
SM
MD
LG