Ссылки доступа

Фаластин мухторияти бош вазири Штайе истеъфо берди


Фаластин мухторияти бош вазири Муҳаммад Штайе
Фаластин мухторияти бош вазири Муҳаммад Штайе

Фаластин мухторияти бош вазири Муҳаммад Штайе Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббосга истеъфо тўғрисидаги аризани топширди. Бош вазир билан биргаликда ҳукумат ҳам истеъфога кетади.

Бош вазир истеъфосига Иордан дарёси Ғарбий соҳилидаги сиёсатчиларнинг Ғазо бўлгасидаги вазият юзасидан консенсусга кела олмагани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Аббос Штайенинг истеъфосини қабул қилди. Штайе янги ҳукумат шакллантирилгунига қадар бош вазир вазифасини бажариб туради.

Штайе “Ғарбий соҳил ва Қуддусдаги вазият кескинлашгани, Ғазода геноцид ва очлик юзага келгани” муносабати билан истеъфо бергани тўғрисида “Ал Жазира” телеканали хабар берди.

Штайенинг билдиришича, Ғазодаги янги реаллик “фаластинликлар ва фаластинликлар ўртасида” янги келишувларга ва консенсусга эришилишини талаб қилади.

Халқаро матбуотнинг билдиришича, Штайе Фаластин мухториятига АҚШ ва жаҳон ҳамжамиятининг босими кучайган бир паллада истеъфо берди. Фаластин мухторияти ва Маҳмуд Аббос етакчилигидаги ФАТХ ҳаракатидан ҲАМАС-Исроил уруши якунланганидан сўнг Ғазодаги вазиятни изга солишни ўз зиммасига олиш талаб қилинмоқда. Айни пайтда ФАТХ ва Маҳмуд Аббос маъмуриятининг Ғазода ҳам, Ғарбий соҳилда ҳам таъсир кучи унча катта эмас. ҲАМАС АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

XS
SM
MD
LG