Полша тўрт йиллик “Шарқий қалқон” дастури доирасида Россия ва Беларус билан чегарани тўлиқ миналаштирмоқчи. Бу ҳақда RMF24 радиостанцияси Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камишга таяниб хабар бермоқда.
Вазирнинг айтишича, “Шарқий қалқон” дастури “1945 йилдан бери НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш бўйича энг йирик амалиётдир”. Полша Россия ва Беларус билан чегараларини мустаҳкамлаш учун 2,5 миллиард доллар сарфлайди.
Миналанган майдонлардан ташқари чегарада “турли истеҳкомлар, тўсиқлар ва ҳаво ҳудудини кузатиш тизимлари” барпо этилади.
Полша Бош штаб бошлиғи Вислав Кукулнинг сўзларига кўра, миналар Полша "урушнинг муқаррарлигига ишонч ҳосил қилгандагина" жойлаштирилади.
Аввалроқ Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский россиялик дипломатларнинг мамлакат бўйлаб бемалол ҳаракатланишига чеклов қўйилишини маълум қилганди. Бундай тусдаги чеклов Европа Иттифоқида илк бора кузатилмоқда. Энди Варшавадаги Россия элчихона ходимлари рухсатсиз Полша пойтахтидан ташқарига сайёҳат қила олмайди. Бошқа шаҳарлардаги консуллик ходимлари ҳам ўз ҳудуди чегарасига тегишли руҳсатсиз сайёҳат қила олмайди. Чеклов фақатгина элчига нисбатан татбиқ этилмайди. Ушбу чора сўнгги пайтларда Полшада содир бўлган қатор қўпорувчилик ҳаракатларига Россиянинг алоқадор эканлиги борасидаги гумонлар билан боғлиқ.
Полша Россия ва Беларус билан чегараларини мустаҳкамлаш учун 2,5 миллиард доллар ажратади.